Ташкилотнинг 141 аъзоси Россиядан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, Украина ҳудудидан ўзининг халқаро тан олинган чегаралари доирасида қўшинларини, жумладан, 2014 йилда аннексия қилинган Қримдан олиб чиқиб кетиш талабини ўз ичига олган ҳужжат учун овоз берди.
35 давлат, жумладан Қозоғистон бетараф қолди. Бешта давлат резолюцияга қарши овоз берди. Булар Россия Федерацияси, Беларус, Шимолий Корея, Сурия ва Эритрея.
Украина президенти Владимир Зеленский БМТдаги овоз беришдан сўнг резолюцияни қўллаб-қувватлаган давлатларга миннатдорчилик билдирди.
Россиянинг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Қозоғистон Москванинг Украинага қарши ҳарбий тажовузини танқид қилмаган. Босқиндан бир ҳафта ўтиб, аввал жим турган президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонларни муроса топишга чақирди.
Ғарб давлатлари Москванинг ҳаракатларини қоралаб, Россиянинг Украинага ҳужумига жавобан жиддий санкциялар жорий қилди. Санкциялар шимолий қўшниси билан иқтисодий жиҳатдан чамбарчас боғлиқ бўлган Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.