Ссылки доступа

Қозоғистон Бош прокуратураси: Январь воқеалари бўйича 62 киши судланган


Қозоғистонда январь воқеалари бўйича 62 киши ҳукм қилинди, деди Қозоғистон Бош прокуратураси қошидаги махсус прокурорлар хизмати раҳбари Ризабек Ожаров 2 март куни бўлиб ўтган брифингда.

У қанча ҳукм қандай жазо турлари учун чиқарилганига аниқлик киритмади ва қанча қамоқ жазоси тайинланганини айтмади.

Бош прокуратура маълумотларига кўра, шу кунгача 162 нафар судланувчига нисбатан 101 та жиноят иши судга юборилган.

Ишларнинг аксарияти Олмаотада кўриб чиқилмоқда. Олмаота шаҳар суди матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, 1 март ҳолатига кўра туман судларига 69 та жиноий иш келиб тушган, улардан 36 тасига ҳукм чиқарилган. Ишларнинг аксарияти «Ўғирлик» моддаси бўйича кўриб чиқилди, деди шаҳар суди вакили. Судда қайд этилганидек, илгари жиноий жавобгарликка тортилмаган шахсларга етказилган зарар қопланган ҳолда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Биринчи марта суд ҳукмлари 21 февраль куни эълон қилинди. Январь воқеаларидан бир ярим ой ўтиб, 17 февраль куни Олмаота суди Олмаота вилоятининг икки фуқароси Бахит Онтай ва Ожет Женисханни ҳар бирини беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Улар қурол ўғирлаш ёки товламачилик моддаси бўйича судланган.

Ички ишлар вазирлигининг январь воқеалари бўйича олиб бораётган ишларида ўғирлик, талончилик, қурол-яроғ ўғирлаш моддалари бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозиргача жами 2997 та ҳолат рўйхтга олинган. 194 нафар гумонланувчи ҳибсда сақланмоқда. Уларнинг аксарияти (152 нафари), ИИВ маълумотларига кўра, ўғирликда, 22 нафари «ноқонуний қурол сақлаш» ёки уларни ўғирлашда айбланмоқда.

Тергов ҳибсхоналарида 701 нафар фуқаро бўлиб, 199 нафар гумонланувчига нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси «кетмаслик тўғрисида ёзма мажбурият», «гаров эвазига озод қилиш», «уй қамоғи» ёки «шахсий кафолат билан» эҳтиёт чораси билан алмаштирилди.

Ушбу брифингда «ноқонуний тергов усуллари» ҳолатлари бўйича янги маълумотлар ҳам келтирилмаган.

Куни кеча Қозоғистон Бош прокуратураси ҳибсга олинганларга нисбатан ноқонуний тергов усулларини қўллаганликда гумон қилинган тўққиз нафар ходимнинг ҳибсга олинганини эълон қилди. Кейинроқ Толдиқўрғонда собиқ президент Нурсултон Назарбоев ҳайкали бузиб ташланганидан сўнг ҳибсга олинган Азамат Ботирбоевга нисбатан қийноқларда гумон қилинганлардан бири ҳибсга олингани ҳақида маълумотлар пайдо бўлди.

Январь воқеалари пайтида ва ундан кейин минглаб одамлар ҳибсга олинди, юзлаб одамлар терроризм, тартибсизликлар, қурол ўғирлаш ва бошқа жиноятларда гумон қилиниб ҳибсга олинди. Ҳибсга олинганларнинг аксарияти ҳибсда қийноққа солинганини айтди.

Ҳукумат ҳуқуқ ҳимоячиларининг январь воқеалари юзасидан халқаро тергов ўтказиш ҳақидаги чақириқларини рад этди. Ҳуман Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти январь ойидаги фожиали воқеалардан сўнг Қозоғистон ҳукумати эълон қилган чоралар «зарури мустақил терговдан йироқ» эканини айтди.

XS
SM
MD
LG