Ссылки доступа

Тўқаев Зеленский билан Украинадаги урушнинг еттинчи кунида мамлакатдаги вазиятни муҳокама қилди


Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Украина президенти Владимир Зеленский билан телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди Қозоғистон президенти матбуот котиби Берик Курмангали 2 март куни.

Акорданинг хабар беришича, суҳбат Украина томонининг ташаббуси билан бўлиб ўтган. «Қасим-Жомарт Тоқаев Украинадаги жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ва музокараларда келишувга эришиш муҳимлигини билдирди», — дейилади Қозоғистон президенти маъмурияти баёнотида.

Владимир Зеленскийнинг Твиттерда ёзишича, у Тоқаев билан «минтақадаги оғир вазиятини» муҳокама қилган. «Биз гуманитар масалаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олдик. Биз алоқадамиз», — деб ёзган Зеленский.

Тоқаевнинг Зеленский билан суҳбати Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб киришининг еттинчи куни ва икки давлат вакиллари ўртасидаги музокараларнинг янги босқичи арафасида бўлиб ўтди.

Чоршанба куни эрталаб Қасим-Жомарт Тоқаев Россия президенти Владимир Путинга қўнғироқ қилиб, ундан Украина билан «муросага келиш»ни сўради.

Россиянинг энг яқин иттифоқчиларидан бири бўлган Қозоғистон Москванинг Украинага қарши ҳарбий тажовузини танқид қилмаган. Босқиндан бир ҳафта ўтиб, аввал жим турган президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонларни муроса топишга чақирди.

Ғарб давлатлари Москванинг ҳаракатларини қоралаб, Россиянинг Украинага ҳужумига жавобан қаттиқ санкциялар жорий қилди. Санкциялар шимолий қўшниси билан иқтисодий жиҳатдан чамбарчас боғлиқ бўлган Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатмоқда.

2 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Нью-Йоркдаги фавқулодда махсус сессиясида кўпчилик овоз билан Россиянинг Украинага ҳужумини қораловчи резолюцияни қабул қилди. Ташкилотнинг 141 аъзоси Россиядан ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, Украина ҳудудидан халқаро тан олинган чегаралари доирасида қўшинларини, жумладан, 2014 йилда аннексия қилинган Қримдан олиб чиқиб кетиш талабини ўз ичига олган ҳужжат учун овоз берди. Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон дохил 35 давлат бетараф қолди.

XS
SM
MD
LG