Ссылки доступа

Грузия ва Молдова тезлаштирилган асосда ЕИга кириш учун ариза топширди


Грузия тезлаштирилган тартиб асосида Европа Иттифоқига кириш учун ариза берди. 2 март куни Тбилиси Украинадан кейин Европа Иттифоқига номзод давлат мақомини олиш учун ариза топширгани маълум бўлди.

Ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси раҳбари ҳукумат буни 2024 йилда амалга оширишни режалаштирганини, бироқ «сиёсий контекстдан келиб чиқиб» шошилишга қарор қилганини таъкидлади.

Бугун Молдова Республикаси Президенти Майя Санду ҳам шошилинч тартибда Европа Иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширганини маълум қилди.

Украина 28 февраль куни Россия ҳарбийларининг бостириб кириши ва шаҳарларни ўққа тутиши фонида ЕИга аъзо бўлиш учун ариза берди. 1 март куни Брюссел аризани кўриб чиқишни бошлади. Тарихда бундай прецедентлар бўлмаган. Қоидага кўра, Европа Иттифоқига кириш бўйича музокаралар кўп йиллар, баъзан эса 10 йилдан ортиқ давом этади.

Сербия ва Черногория каби жорий Европа Иттифоқи номзодлари мақомни бир неча йил олдин олган, аммо музокаралар ҳали якунига етмаган. Бундан ташқари, номзод мамлакат фуқаролари мамлакатнинг ЕИга киришини референдумда рўйхатдан ўтказиши керак.

Украинанинг ЕИга қўшилиш истаги мамлакат конституциясида ўз аксини топган, бироқ яқин вақтгача Европа Иттифоқининг кўплаб давлатлари мамлакатнинг Европа истиқболи ҳақида тўғридан-тўғри гапиришдан бош тортган.

Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши президент Владимир Путиннинг буйруғи билан 24 февраль куни бошланган. Кўплаб вилоятларда жанглар давом этмоқда. Юз минглаб украиналиклар уйларини ташлаб кетишди.

Ғарб давлатлари Россияга қарши қаттиқ санкциялар киритди, бу нафақат компаниялар, амалдорлар ва сиёсатчилар, балки оддий фуқароларга ҳам таъсир кўрсатди. Европа Иттифоқи Россия авиаташувчилари учун ҳаво ҳудудини ёпди. Кўпгина халқаро компаниялар Россияда ўз фаолиятини тўхтатди.

XS
SM
MD
LG