Ссылки доступа

Украинадан Молдовага қочган ўзбекистонликлар ватанига қачон қайтарилиши маълум эмас


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадан Молдовага ўтган 200га яқин ўзбекистонликни ватанга қайтариш масаласи кейинроқ кўриб чиқилиши ҳақида баёнот берди.

“Молдова томони инсонпарварлик нуқтаи назаридан, фуқаролигидан қатъий назар, ўз ҳудудига кираётган барча шахсларни ташиш, жойлаштириш, овқатлантириш ва бошқа зарур масалаларда кўмак бермоқда”, - дейилади расмий билдирувда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Молдовага қочиб ўтган ўзбекистонликларни ватанга қайтариш масаласи “кейинроқ кўриб чиқилади”. Вазирлик айни пайтда Украинадан Польшага ўтган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш устивор эканини таъкидлаган.

Ташқи ишлар вазирлиги 2 март куни Украинадан Польшага эвакуация қилинган ўзбекистонликларни ватанига қайтариш бўйича 28 февралдан шу кунгача еттита махсус авиақатнов амалга оширилганини маълум қилган эди.

Киевдаги элчихона ўзбекистонликларни эвакуация қилиш ишларини давом эттираётганини урғулаган вазирлик шу пайтгача 1 186 нафар фуқаро ватанига қайтарилганини қўшимча қилган.

XS
SM
MD
LG