Ссылки доступа

Украинада жойлашган Европадаги энг йирик АЭСда ёнғин содир бўлди


Удар по Запорожской АЭС попал на кадрах с камеры наблюдения, 4 марта 2022 года

Украинанинг Энергодар шаҳридаги Запорожье атом электр станцияси (АЭС) ҳудудида ёнғин содир бўлди, деб хабар берди АЭС матбуот котиби Андрей Туз. Бу маълумотни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба ҳам тасдиқлади. Запорожье АЭС Европадаги энг йирик ҳисобланади.

АЭС атрофидаги кузатув камераларидан олинган видеода станция ҳудудида ёнғин бошлангани кўрсатилган. Украина ташқи ишлар вазири Twitter’даги саҳифасида ёнғинга зарба сабаб бўлганини ёзди. Унинг сўзларига кўра, агар портлаш содир бўлса, у Чернобиль АЭСдагидан 10 баробар кучли бўлади. Украина ҳукуматининг исмини ошкор этмаган вакилининг «Associated Press» агентлигига айтишича, Запорожье атом электр станцияси яқинида юқори радиация даражаси аниқланган.

Кейинроқ Украина Фавқулодда вазиятлар бўйича давлат хизмати Запорожье атом электр станциясида (АЭС) ёнғин содир бўлганини рад этди. Бошқарма маълумотларига кўра, ёнғин атом электр станциясида эмас, унинг ёнида жойлашган ўқув биносида содир бўлган.

Давлат Фавқулодда вазиятлар хизмати, шунингдек, Запорожье АЭСнинг учинчи энергия блоки ягона энергия тизимидан узилганини маълум қилди. Электр станциясининг 6 та блокидан фақат тўртинчиси ишлаб турибди. «Атом электр станциясидаги ёнғинни ўчириш ҳолати меъёрий диапазонда», дейилади хабарда.

Мамлакат президенти Зеленский ушбу ҳолат юзасидан Европа кенгаши раҳбари Шарль Мишель, Германия канцлери Олаф Шольц, Польша президенти Анжей Дуда ва МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гроссига телефон қилганини айтди. «Ёнғин қандай тугашини, қачон портлаш содир бўлишини ёки қачон содир бўлмаслигини билмаймиз, Худо асрасин. Ҳеч ким буни охиригача ҳисоблолмайди », — деди Украина президенти мурожаатида.

Оқ уйнинг маълум қилишича, Жо Байден ва Владимир Зеленский Россияни атом электр станцияси ҳудудида «ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга» ва ёнғин ҳамда фавқулодда хизматларнинг ёнғин жойига киришига рухсат беришга чақирган. Борис Жонсон уларнинг қўнғироғига қўшилган. Унинг фикрича, станциядаги ёнғин «бутун Европа хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид солиши» мумкин.

Запорожье АЭС бош директори Игор Мурашов «станцияда ядро хавфсизлиги бузилган» деб даъво қилди. «Биз ҳамма нарсани қиляпмиз, аммо ёнғин давом этмоқда. Катта хавф бор. Реакторлар хавф остида», — деб ёзди у. МАГАТЭ эса ёнғин «муҳим» жиҳозларга таъсир қилмаганини очиқлади.

Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматининг хабар беришича, 6:20 (Тошкент вақти билан 9:20) да Запорожье АЭС ўқув биносидаги ёнғин бартараф этилган. Қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.

XS
SM
MD
LG