Ссылки доступа

Украинадан эвакуация қилинган 130 дан ортиқ фуқаро учинчи рейс билан Қозоғистон пойтахтига учиб келди


4 мартга ўтар кечаси Қозоғистон пойтахтига Украинадан учинчи эвакуация рейси етиб келди. У 133 кишини, жумладан, иккита чақалоқни олиб келган. Самолёт бортида ҳаммаси бўлиб 20 нафар бола бўлган.

Пойтахт аэропорти матбуот хизмати хабарига кўра, Қозоғистон фуқаролари учун жўнатилган учинчи самолёт Полшанинг Катовице шаҳридан Нур-Султон вақти билан соат 21:55да ҳавога кўтарилиб, тунги соат 2:54да пойтахт аэропортига қўнди.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, айни рейсда Қирғизистоннинг икки фуқароси ҳам бўлган.

Қозоғистон ўз фуқароларини Россия қўшинлари бостириб кирганидан кейин ҳарбий ҳаракатлар олиб борилаётган Украинадан эвакуация қилишда давом этмоқда.

Биринчи эвакуация рейси 175 йўловчи билан 28 февраль куни кечки пайт Олмаота аэропортига қўнди. Бортида 124 киши, жумладан тўрт нафар бола бўлган иккинчи самолёт 1 март куни кечқурун Нур-Султонга етиб келди.

Қозоғистонликлар ўз ватанларига қайтиш учун Киевдан Лвовга боришлари ва Полша билан чегарада кўп соатлик навбатда туришларига тўғри келади.

XS
SM
MD
LG