Ссылки доступа

Бишкекда Туркия фуқароси журналист Грант Динкни ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинди


2007 йилда Истанбулда журналист Грант Динкнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб қидирувда бўлган Туркия фуқароси Бишкекда қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, аввалроқ ИИВ Экстремизм ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш хизмати ходимлари Туркия фуқароси томонидан қалбаки ҳужжатлардан фойдаланганлиги ҳақида маълумот олган.

26 февраль куни гумонланувчи Туркия фуқароси, 1984 йилда туғилган. ИИВ маълумотларига кўра, у қалбаки паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан фойдаланган.

Шунингдек, тергов давомида қўлга олинган шахс Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қидирилаётгани, у Истанбулда қидирувга берилгани маълум бўлди. У 2007 йил январида журналист Грант Динкнинг ўлдирилиши, шунингдек, бошқа бир қатор оғир жиноятлар, жумладан, уюшган жиноятчиликка алоқадорлик ва ўқотар қуролларни ноқонуний сақлашда иштирок этганликда гумон қилинмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 378 («Қирғизистон Республикаси давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш») ва 379 («Ҳужжатларни қалбакилаштириш») моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. 28 февраль куни суд ҳибсга олинган шахсга нисбатан икки ойга қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади.

Грант Динк — турк-арман журналисти, турк-арман газетасининг асосчиси ва бош муҳаррири, Туркиядаги арман жамияти етакчиларидан бири. У 2007 йил 19 январда Истанбулда 52 ёшида ўлдирилган. У ўз газетаси идораси ёнида миллатчи ўсмир томонидан куппа-кундуз отиб ўлдирилган.

Динкнинг ўлдирилиши Туркияда кенг резонансга сабаб бўлди. Бу иш бўйича суд беш йилдан сўнг тугади. Қотилликни содир этганликда айбланган вояга етмаган Огун Самаст 21 йилу 10 ойга озодликдан маҳрум этилди. Ишда 19 киши иштирок этган.

XS
SM
MD
LG