Ссылки доступа

АҚШ Тожикистон чегара қўшинларининг чегара назорати имкониятларини кучайтирмоқда


АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси Халқаро Миграция Ташкилоти (ХМТ) билан тожик-афғон чегарасини қурол-яроғ савдоси, гиёҳванд моддалар савдоси, ноқонуний миграция ва аҳоли саломатлигига хавф-хатарлардан ҳимоя қилиш ва қўриқлаш лойиҳасини амалга ошириш устида ишламоқда.

Дипломатик миссия матбуот хизмати хабарига кўра, чегара қўшинлари офицерларини тайёрлаш ва Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги инфратузилмани яхшилашни ўз ичига олган лойиҳани амалга ошириш учун 900 минг доллар ажратилади.

Янги лойиҳа яқин уч йил ичида амалга оширилади.

«2002 йилдан бери АҚШ ҳукумати чегара постлари, чегара ўтиш жойлари ва учта ўқув марказини тиклаш орқали чегара хавфсизлигини яхшилаш бўйича турли лойиҳаларни амалга оширди. АҚШ элчихонаси Тожикистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича бошқа лойиҳаларни ҳам амалга оширди, жумладан, Тожикистонда хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш учун ускуналарни янгилаш ва тренинглар», — дейилади АҚШнинг Тожикистондаги элчихонаси 4 март куни эълон қилган хабарда.

Америка дипломатларининг фикрича, бу лойиҳа АҚШ ва Тожикистон ўртасидаги хавфсизлик соҳасида яқин ҳамкорликни таъкидлаб, яна бир муҳим босқич бўлади.

XS
SM
MD
LG