Ссылки доступа

Тожикистоннинг 1300 дан ортиқ фуқароси Украинадан Полша ва Молдовага қочиб кетган


4 март ҳолатига кўра, 1314 нафар Тожикистон фуқароси Украинани тарк этган. Тожикистоннинг Киевдаги элчиси Давлатали Назризода 5 март куни «1176 киши Полшага, 138 нафари Молдовага эвакуация қилинган», деди.

Тожикистон расмийлари Украинадан қочган ватандошларини қачон ва қандай қилиб ўз ватанларига етказишларини ҳозирча маълум қилгани йўқ. Қочқинлар Тожикистон ҳукуматини эвакуация парвозини ташкил этишга чақирмоқда.

Айни пайтда Полшада яшовчи тожиклар юзлаб тожик қочқинларига бошпана ва озиқ-овқат билан ёрдам бергани ҳақида хабар беришди. Полшада жойлашган Сиёсий гаровга олинганлар ва маҳбусларни ҳимоя қилиш бўйича фуқаролик қўмитаси аъзоси Саидисхоқ Бобоев Озоди радиосига шундай деди: «Биз Тожикистоннинг 667 фуқаросига, жумладан, 118 нафар бола ва ўсмирга ёрдам бердик. Полшада ишлаётган тожикистонлик таксичилар эса қочқинлар учун бепул транспорт хизмати кўрсатган».

35 ёшли Тожикистон фуқароси Дилафруз Россия ҳарбийлари бостириб кириши сабабли вазият кескинлашганидан кейин Украина Херсонидан Полшага қочиб кетди. Унинг сўзларига кўра, у бир неча кундан бери Полшада яшовчи Тожикистон фуқаросининг уйида яшаб келган.

«Украинада қандолатчилик цехида ишладим ва Тожикистондаги оиламга ёрдам бердим. Энди мен Полшада қолиб ишлашни хоҳлайман», дейди у.

Умуман олганда, расмий маълумотларга кўра, Россия қўшинлари босқинидан олдин Тожикистоннинг 4000 фуқароси Украинада рўйхатга олинган.

XS
SM
MD
LG