Ссылки доступа

Ўзбекистон: Украинадаги урушни "нотўғри ёритган" журналист ва блогерлар ДХХга чақиртирилмоқда


Россиянинг Украинага уруши юзасидан “бетараф позиция”ни эгаллаган Ўзбекистон давлат матбуоти Украинадаги воқеаларни деярли шарҳламаяпти.

Озодликка маълум бўлишича, ўтган дам олиш кунлари бир неча журналист ва блогер Тошкентдаги ДХХ тергов бўлимига чақиртирилиб, Украинадаги воқеаларга оид мақолалар юзасидан огоҳлантирилган.

Ўз хавфсизлиги туфайли исми ошкор этилмаслигини сўраган журналистлардан бири Озодликка 28 февраль куни Тошкентдаги ДХХ тергов бўлимига суҳбатга боргани, суҳбат давомида Украина воқеаларини “вазмин, нейтрал” позициядан ёритиш талаби қўйилганини айтди.

“Нозик мавзу, шунинг учун иложи борича нейтрал бўлинглар, деган гап бўлди ”, - дейди блогер.

Бундан олдин ижтимоий тармоқларда ҳам айрим блогер ва журналистлар ДХХга чақиртирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.

“Ҳақиқат вазирлиги” Телеграм-канали 2 март куни расмийлар назарида Украинадаги урушни "нотўғри ёритаётган" журналист ва блогерларга босим ўтказилаётгани ҳақида ёзди.

“Украинага русларнинг босқинчилиги мана шундай нозик мавзулардан. Бу мавзуни "нотўғри" ёритаётган журналист ва блогерлар ДХХнинг “Гвардейский”даги тергов изоляторига чақирилиб, аслида қандай ёритилиш кераклиги борасида "тегишли тавсиялар" олмоқда”.

Ўзбекистондаги энг оммабоп нашрлардан “Кун.уз”нинг икки таъсисчиси ва бош муҳаррири 26 февраль куни ДХХга чақиртирилган.

Айни пайтда Россиянинг Украинага босқини ҳақидаги баъзи мақолалар Ўзбекистондаги сайтлардан йўқолиб қолди.

Пойтахтликлар Тошкентдаги Украина элчихонаси биносига гул ва юмшоқ ўйинчоқлар кўтариб боргани ва шу йўл билан украинларга бирдамлик изҳор қилгани ҳақида “Дарё.уз” нашрида 25 февраль куни чоп этилган мақола кейинроқ сайтдан олиб ташланди.

26 февраль куни Ўзбекистоннинг ҳукумат нашри ҳисобланган “Халқ сўзи” газетасининг интернетдаги русча саҳифасида босилган “Россия инсониятни учинчи жаҳон урушидан қутқаради” сарлавҳали мақола тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди.

Айрим тармоқ фаоллари ҳукумат нашрини Россия президенти Владимир Путин ва унинг мустақил давлатга агрессиясини қўллаб-қувватлашда айблаб чиқди.

Танқид ва норозилик ортидан мақола ҳеч қандай изоҳсиз сайтдан олиб ташланди.

Президент Мирзиёевнинг ўзи ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳанузгача Россиянинг Украинага тажовузи юзасидан баёнот бергани йўқ.

25 февраль куни Ўзбекистон ва Россия президентлари телефон мулоқоти ўтказди.

Кремль президент Мирзиёев Россиянинг Украинадаги ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилганини айтди, аммо кейинроқ Президент матбуот котиби Шерзод Асадов Ўзбекистоннинг расмий мавқейига аниқлик киритди.

Унга кўра, Ўзбекистон бу борада нейтрал позицияда.

“Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, Ўзбекистон бу масала бўйича вазмин, нейтрал позицияда. Мамлакатимиз азалдан ҳам Россия, ҳам Украина билан яқин, дўстона муносабатларга эга. Биз кенг минтақамизда тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиёт бўлишидан манфаатдормиз. Барча баҳс ва келишмовчиликлар фақатгина халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал қилиниши лозим”, дейилади Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг баёнотида.

XS
SM
MD
LG