Гуманитар йўлаклар «ҳалокатли гуманитар вазият»ни ҳисобга олган ҳолда ва Франция президенти Эммануэл Макроннинг Россия президенти Владимир Путинга шахсий илтимосига биноан очилмоқда.
Хабарда гуманитар йўлакларнинг йўналишлари тасвирланган ва агар Мариупол, Харков ва Сумидан Россияга ёки ғарбга, Россия қўшинлари бўлмаган Украина ҳудудига кетиши керак бўлса, у ҳолда Киевдан фақат Россия ҳарбийлари томонидан босиб олинган ҳудудлар орқали Белоруссияга чиқиб кетиш таклиф этилади.
Украина томони ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади.
Шанба ва якшанба кунлари тинч аҳолини Мариуполдан олиб чиқишга уринган аввалги сукунат режимларида бу ҳудуддаги сулҳга риоя қилинмади, аҳоли шаҳарни тарк эта олмади. Ҳар икки томон бир-бирини сулҳни бузганликда айбламоқда.
Душанбага ўтар кечаси Украинанинг қатор вилоятларида жанглар ва ўқ отишлар давом этди. Маълум қилинишича, Николаевдаги турар-жой бинолари отишма пайтида, тахминий ракета тизимидан шикастланган. Харковда ҳам вайроналар бор.
Россия қўшинлари томонидан босиб олинган Киев яқинидаги Украинанинг Гостомел қишлоғи маъмурияти қишлоқ раҳбари Юрий Прилипконинг ўлими ҳақида маълум қилди. Хабарларга кўра, у инсонпарварлик ёрдамини тарқатаётганда ҳалок бўлган. Россия томони хабарга ҳозирча изоҳ бермади.
Бугун Россиянинг Украинага қуролли бостириб кирганига 12 кун бўлди.