Ссылки доступа

NEXT TV журналистлари Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига сўроққа чақирилди


NEXT TVнинг икки журналисти Миллий хавфсизлик давлат қўмитасида сўроқ қилинмоқда. Бу ҳақда телеканал эгаси, сиёсатчи Равшан Жеенбеков маълум қилди.

Унга кўра, телеканалнинг яна икки журналисти соат 14:00 га қадар сўроққа чақирилган.

3 март куни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси NEXT TVга нисбатан миллий адоватни қўзғатиш айби билан жиноий иш қўзғатди. Тергов маълумотларига кўра, телеканал «Қозоғистон разведка хизматининг собиқ раҳбарига ишора қилиб, Украина ҳудудида махсус операция давомида Қирғизистон Республикаси томонидан Россияга ҳарбий ёрдам кўрсатиш бўйича гўёки эришилган келишув ҳақида ёлғон маълумот тарқатган».

Телеканал директори Таалай Дуйшембиев ҳибсга олинди. Унинг адвокати Акмат Алагушевнинг сўзларига кўра, иш Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 330-моддаси («Ирқий, этник, миллий, диний минтақалараро адоватни (нифоқни) қўзғатиш») билан қўзғатилган.

NEXT TV асосчиси Равшан Жеенбеков иш қўзғатилишини асоссиз деб ҳисоблаб, телеканал маълумотни фақат манбаларга таянган ҳолда тарқатишини таъкидлади.

Аввалроқ Фейсбук фойдаланувчиси Юрий Поита Қозоғистон МХҚнинг собиқ раҳбари Алнур Мусаевга таяниб, ижтимоий тармоқларда «Тожикистон ва Қирғизистон Россия босими остида ўз позицияларини таслим қилган ва унга махфий даражада ҳарбий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирган» деб ёзган эди. 3 март куни Қирғизистон Мудофаа вазирлиги бу даъвони рад этди. Мудофаа вазирлигининг жавобида «республикадаги барча ҳарбий қисмлар мамлакат ичида жойлашгани, улардан давлат чегарасидан ташқарида фойдаланиш режалаштирилмагани» айтилади.

Омбудсман Атир Абдраҳматова NEXT TVга нисбатан ҳуқуқ-тартибот идораларининг шошқалоқлигидан хавотир билдирди. У адлия органларини телеканалга нисбатан кўрилаётган чораларнинг қонунийлиги, мутаносиблиги ва зарурлигига ҳуқуқий баҳо беришга чақирди.

XS
SM
MD
LG