Ссылки доступа

Ўзбекистон вазирликлар сони бўйича МДҲда биринчи ўринга чиқди


Ўзбекистондаги вазирликлар сони 25 тага етди.

Яқинда Ўзбекистонда яна иккита янги марказий тузилма – Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Спортни ривожлантириш вазирлиги тузилиши ортидан Ўзбекистондаги вазирликлар сони 25 тага етди (“Маҳалла” газетаси, 26 февраль).

Қайд этилишича, бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда, шунингдек, МДҲ давлатлари орасида ягона. Қолаверса, қўмита, агентлик, инспекция, марказ ва уюшмалар сони бундан ҳам кўп.

“Бошқарув тизимида давлат органлари сони кўп бўлар экан, ўз навбатида, уларга кетадиган харажатлар ҳам жуда салмоқли бўлади. Ҳатто давлат иштироки шарт бўлмаган соҳа ва тармоқларда ҳам давлатсифат уюшма, ассоциация ва шунга ўхшаш идоралар ташкил этилганки, бу билан фақат давлат бюджетидан пул оладиган ташкилотлар кўпайган, холос”, деб ёзади муаллиф.

Қайд этилишича, бир-бирини такрорловчи бундай вазирлик ва идоралар ҳукумат таркибида мавжудлиги бюджет харажатлари ошиши билан бирга, соҳаларда функциялар такрорланишига, ўзаро ўхшаш ёки зид меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига ҳам олиб келмоқда.

Шунга кўра газета ҳукуматни ихчамлаштириш лозимлигини таъкидлайди.

“Бундан ташқари, хусусий сектор бажариши мумкин бўлган соҳаларда умуман давлат идораларини ташкил қилмаслик ва борларининг ваколатларини ҳам хусусий секторга ўтказиб юбориш мақсадга мувофиқ. Зеро, кўп ҳолатларда хусусий сектор давлатга қараганда яхши ишлайди. Бу борада қатор ҳужжатлар қабул қилинмоқда, лекин амалда нима бўляпти? Ҳозирча биз кутганчалик ўзгаришлар йўқ”, деб ёзади “Маҳалла” нашри.

Аввалроқ адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам ҳукумат ихчам бўлиши кераклигини қайд этган эди.

“Ўзбекистонга жуда катта давлат аппарати тўғри келмайди. Унга кетадиган харажатлар жуда кўп. Ундан кўра, иқтисодни ривожлантиришга йўналтиришимиз керак. Қанча давлат органи кўп бўлса, шунча иқтисодиёт юриб кетиши қийин бўлади”, деган эди Р.Давлетов.

XS
SM
MD
LG