Ссылки доступа

Тожикистонлик фермерлар ўғит нархи икки баравар ошганидан хавотирда (видео)


Тожикистонлик фермерлар ўғит нархининг 50 фоизга ошишидан хавотир билдиришмоқда. Бир қоп аммофоска, карбамид, селитра ва нитроаммофосканинг нархи ўтган йили 300 сомонийдан, жорий йилда 500 сомонийга кўтарилди.

Мамлакат фермерларининг айтишича, бу йилги ҳосилдан деярли умид йўқ. Бу ҳолат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархининг кескин ошишига олиб келиши мумкин.

Тожик деҳқонлари бу йилги ҳосилдан яхши натижа кутмаётганини айтади. Кимёвий ўғитлар қимматлиги туфайли улар боши берк кўчага кириб қолган. Фермер Комилжон Самадовнинг айтишича, энди деҳқонларнинг харажатлари даромадлари ҳисобидан қопланмайди.

– Ҳар йили 7-8 гектарга буғдой, 4-5 гектарга пиёз, 2 гектаргача сабзи, 14 гектаргача маккажўхори экардик. Бу йил бир гектарга қисқартирдик. Чунки ўғитлар қимматлашиб кетган. Мана, энди ўғитга сарфласак, ҳосилни йиғиб олгандан кейин ўз харажатларимизни қоплай оламизми, деб ўйлаб ўтирибмиз, – дейди Комилжон Самадов.

Сўғдлик яна бир фермер Мирқобил Ҳакимов «Ўғитлар қимматлашди, бу йил истеъмолини камайтирдик. Илгари ҳар йили 500 кг ўғит берган бўлсак, бу йил атиги 200 кг ўғит бера олдик», дейди.

Фермеры Таджикистана обеспокоены 50-процентным ростом цен на удобрения
пожалуйста, подождите

No media source currently available

0:00 0:04:51 0:00

Хатлон вилояти деҳқонлари бу йил ўғит нархи арзонлашади деган умидда экин майдонларини кўпайтирди. Асали Раҳимов 30 йилдан буён деҳқончилик билан шуғулланиб, жорий йилда 100 гектардан ортиқ майдонга экин экди. Аммо ҳозир ўғитлар нархи тушмаётгани учун бу вазиятдан чиқишнинг бошқа йўлини изламоқда.

«Ерни олиб, буғдой экдик. Энди ўғит олишга пулимиз йўқ. Бунинг учун банкдан кредит олишимиз керак. Кейин ўғит сотиб олиб, қўллаймиз. Ҳозир нархлар 470 сомонийгача қимматлашди», — дейди Асали Раҳимов.

Тожикистонга ўғитлар Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон ва Туркманистондан келтирилади. Маълум бўлишича, у ерда ўғитлар нархи у қадар кўтарилмаган, бироқ сотувчилар Тожикистонда нега бунчалик қимматлашганини тушунтириб бера олишмаган.

Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, мамлакат қишлоқ хўжалигининг минерал ўғитларга бўлган талаби ярим миллион тоннадан ортиқни ташкил қилади.

Тожикистон жанубидаги, авваллари бутун мамлакатни ўз маҳсулоти билан таъминлаб келган Вахш азотли ўғитлар заводи Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин ўз фаолиятини тўхтатди. Энди ҳамма унинг яна иш бошлашини кутмоқда. Гарчи бу завод маҳсулотлари бозорга яна қачон кириб келиши ҳозирча номаълум бўлсада, кўпчилик «Азот» ОАЖ маҳсулотларига умид боғлайди.

Ривожланган мамлакатларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига субсидиялар берилади. Аммо тожик деҳқонлари ҳали бундай имкониятга эга эмаслигини айтишади. Бундай шароитда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва фермерлар даромад олиш учун жорий йилда ўз маҳсулотларини қимматроқ сотишга мажбур бўлади. Яъни ҳамма учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархи яна кўтарилади.

XS
SM
MD
LG