Ссылки доступа

Иқтисодчилар Россиянинг Украинага босқини ўзбекистонликларга ҳам қимматга тушишини айтмоқда


Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилаётган санкциялар товонини фақат руслар эмас, оддий ўзбекистонликлар ҳам ўз чўнтагидан тўлашга мажбур, дейди иқтисодчилар.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан жорий этилаётган санкциялар товонини фақат руслар эмас, оддий ўзбекистонликлар ҳам ўз чўнтагидан тўлашга мажбур, дейди иқтисодчилар.

“Ўзбекистон иқтисодиёти республика ташқарисидан, айниқса РФдан келиб тушадиган пул ўтказмаларига ниҳоятда боғланган. Биргина 2021 йилнинг ўзида РФда ишлайдиган ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Ўзбекистонга пул ўтказмалари 7,6 млрд долларга етиши кутилганди. Бу мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг деярли 12% га тенг. Бу жуда катта рақам. Мана шу пул оқимининг шартли 20%-30% га қисқариши (ва у қисқариш бошқа манбадан қопланмаслиги) мамлакатимиз иқтисодиётига салбий таъсир этади”, дейди иқтисодчи Ботир Қобилов.

Эксперт Миркомил Холбоев ҳам шундай фикрда.

“Россиядаги инқироз асосан аҳоли жон бошига ялпи даромади пастроқ бўлган вилоятларимиз учун оғирроқ зарба бўлиши мумкин. Чунки у ерлик мигрантларнинг аксарияти паст малакали, тил билмайдиган, аниқроғи, рус тилидан бошқа тилни билмайдиган мигрантлар бўлиб, асосий қисми Россияда фаолият олиб боради. Бу эса, айтайлик, ўша вилоятлар умумий даромади даражасига жиддий зарар етказиши мумкин”, дейди у.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 20 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади. Санкциялар эса бу кўрсаткичга таъсир этмай қолмайди.

Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров молиявий жазо чоралари истеъмол маҳсулотлари нархи қимматлашувига олиб келишидан огоҳлантиради.

“Оддий ўзбекистонликлар истеъмолчи ўлароқ, аввало, истеъмол товарларида буни сезади. Ун, буғдой, ўсимлик ёғи, гўшт каби муҳим озиқ-овқатлар, металпрокат, ёғоч каби қурилиш материлаллари импортида низолашаётган тарафлар, қўшни транзит давлатларнинг ўрни юқори. Афсуски, бу уруш ўзи бусиз ҳам мураккаблашиб, қимматлашиб бораётган логистикани янада қимматлаштиради”, дейди эксперт.

XS
SM
MD
LG