Ссылки доступа

“Агентство”: уруш бошланганидан кейин камида 150 журналист Россия Федерациясини тарк этди


Аэропорт "Шереметьево", Москва
Аэропорт "Шереметьево", Москва

Украинага қуролли босқин бошланганидан кейин камида 150 нафар журналист Россияни тарк этган. Ушбу маълумотларни “Агентство” нашри ўз ҳисоб-китобларига асосланиб келтирмоқда.

Ҳисоб-китобларга кўра, кетишнинг асосий сабаби — Россияда ҳарбий цензуранинг амалда жорий этилиши. Яқинда қабул қилинган қонунларга кўра, Қуролли Кучлар фаолияти тўғрисида фейк тарқатганлик учун озодликдан маҳрум қилиш, армияни «обрўсизлантириш» ва ундан чет элда фойдаланишнинг тўғрилигини инкор этиш учун аввалига маъмурий жарима, кейин эса жиноий иш очилиши кўзда тутилди.

Бундан ташқари, кўплаб нашрлар, жумладан, Медуза, Медиазона, BBC, DW, Озодлик радиоси ва унинг лойиҳалари сайтлари блокланган. «Эхо Москвы» радиостанцияси тугатилди, «Дожд», «Новая Газета» ва бошқа нашрлар ўз фаолиятини тўхтатди.

«Агентство»нинг таъкидлашича, кўплаб оммавий ахборот воситаларида журналистларнинг муҳим қисми — масалан, Медузанинг деярли бутун Москва таҳририятини тарк этган. «Дождь» «Эхо Москвы» ва «Новая Газета» газеталарининг айрим журналистлари, шунингдек, хорижий оммавий ахборот воситаларининг кўплаб бюролари ходимлари ҳам кетишди. Баъзи журналистлар, масалан, “Дождь” бош муҳаррири Тихон Дзядко, канал бошловчиси Михаил Фишман, «Республика» нашри бош муҳаррири Дмитрий Колезев, кино танқидчиси Антон Долин ўзларининг кетишини очиқчасига эълон қилишди.

Армияни обрўсизлантириш моддаси бўйича аллақачон ўнлаб маъмурий иш қўзғатилгани ҳақида хабарлар бор. Гап, масалан, урушга қарши намойишларга чақириқлар ҳақида кетмоқда. 6 март куни Кемерово суди маҳаллий аҳолини ушбу модда бўйича 60 минг рубль жаримага тортди. Аввалроқ Костромада яшовчига жарима солингани ҳақида хабар берилганди. Красноярск суди фаол Вера Котовани қор билан қопланган гранитдан ясалган Владимир Ленин ёдгорлигига «Урушга йўқ» деб ёзгани учун жаримага тортди.

XS
SM
MD
LG