Ссылки доступа

МБ Россия банкларига фуқароларга нақд валюта сотишни тақиқлаб қўйди


Россия Марказий банки Ғарб мамлакатлари Украинага бостириб кирилиши муносабати билан Россияга қарши киритилган санкциялар шароитида нақд валюта билан муомаланинг янги тартиб-қоидаларини жорий қилди.

Унга кўра, банкларга фуқароларга нақд валюта сотиш тақиқланади, валюта ҳисобрақамларидан 10 минг доллардан кўп пул ечиб олиш ман қилинади, қолган маблағлар эса пул ечиб олинаётган кундаги курс бўйича рублда берилади.

Россия банки томонидан “вақтинча чора” деб аталган бу тартиб-қоидалар, иддаоларга кўра, ярим йил – 9 мартдан 9 сентябргача амалда бўлади.

Марказий банк хабарномасида мижозларнинг валюта ҳисобрақамларидаги барча маблағлар сақланиши, бироқ ечиб олинадиган сумма 10 минг доллар билан чекланиши айтилган. Айни пайтда банк ҳисобрақамидаги пул бошқа валютада бўлган тақдирда ҳам мижозга барибир доллар берилиши урғуланган. “Вақтинча тартиб амалда бўлган пайтда банклар фуқароларга нақд валюта сотмайди”, дейилган хабарномада. Нақд валютани исталган пайтда ва исталган миқдорда рублга алмаштириб олиш мумкин.

АҚШ 8 март куни Россияга қарши янги санкциялар жорий этган, жумладан бу мамлакатдан нефть импорт қилиш тақиқланган. Шу куннинг ўзида бир қатор корпорациялар Россиядаги фаолиятини тўхтатишини эълон қилган.

XS
SM
MD
LG