Ссылки доступа

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Тожикистонни мухолифларни бостириш ва ТБАВдаги вазият учун танқид қилди


БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши Тожикистон ҳукуматини Тоғли Бадахшон автоном вилоятида «сиёсий норозиликни бостириш амалиёти давом этаётгани» ва «қўрқув муҳити яратаётгани» учун танқид қилди.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет 7 март куни бўлиб ўтган 49-сессияда «Тожикистон мухолифатининг аксарият аъзолари халқаро стандартларга тўғри келмайдиган суд жараёнларида узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинган», деди.

Тожикистон расмийлари ҳозирча Бачелетнинг баёнотига муносабат билдирмаган, бироқ ўтмишда сиёсий рақиблари ҳибсга олинганини инкор этиб, суд ҳукмларини адолатли ва холис деб атаган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, шунингдек, 2021 йил ноябрь ойида ТБАВда хавфсизлик кучлари ва намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар «инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятни сезиларли даражада ёмонлаштириб, қўрқув ва репрессия муҳитини яратганини» айтди.

«Мен ТБАВда давом этаётган интернетнинг узилишидан афсусдаман. Бундай ёндашув инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади», — дейди у.

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бери Хоруғ ва унинг атрофидаги туманлар аҳолиси интернетга улана олмади. Тожикистон Алоқа хизмати раҳбарияти январь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида минтақада интернет йўқлиги сабаблари ҳақидаги саволга аниқ жавоб бермади.

Шундан сўнг Алоқа хизмати раҳбари ўринбосари Илҳомжон Атоев сўзга чиқиб, «ТБАВда фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида техник чора-тадбирлар амалга оширилмоқда».

Тоғли Бадахшон автоном вилоятида Тожикистон хавфсизлик кучларининг махсус операцияси чоғида Роштқалъа вилоятида яшовчи Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилиши ортидан ноябрь ойида Хоруғдаги норозилик намойишлари бошланганидан бери вазият янада мураккаблашди.

XS
SM
MD
LG