Ссылки доступа

Тожикистонда доллар курси кескин ошди


Тожикистонда миллий валютанинг долларга нисбатан расмий курси кескин тушиб кетди. Ҳозирда расмий айирбошлаш шохобчаларида бир АҚШ доллари 13 сомоний, 1 евро 14,19 сомонийдан берилмоқда.

Тожикистон Миллий банки 9 март куни 100 АҚШ долларининг янги курсини 1300 сомоний даражасида белгилади. Бу эса доллар курсининг аввалги кунга нисбатан 170 сомонийга қимматроқдир.

Тожикистон Миллий банки сомонийга нисбатан валюта курсининг ошиши сабаблари ҳақида ҳозирча ҳеч қандай изоҳ бермади. 9 март куни эрталаб Озоди радиосининг саволига Миллий банк бу масала бўйича бугун кечроқ изоҳ беришини айтди.

Мутахассисларнинг фикрича, сомоний курсининг бундай тушишига асосий сабаб Москванинг Украинага ҳарбий бостириб кириши ортидан Россияга қарши Ғарб томонидан киритилган санкциялардир. Россияга қарши жорий этилган ушбу санкциялар туфайли Тожикистон банклари ҳам сўнгги кунларда ўз мижозларига доллар сотишни камайтирган. Хориждан товар олиб келаётган тадбиркорлар шундан келиб чиқиб, бизнесда муаммолар пайдо бўла бошлаганини айтишади.

Шу билан бирга, 9 мартдан бошлаб Тожикистонда Россия рублининг курси расман ошиб, 1000 рубль учун 99,5 сомонийни ташкил қилди. Бир кун аввал 1000 рус рубли курси 91 сомоний эди. Украинадаги инқироздан олдин 1000 рус рубли Тожикистон банкларида 150 сомонийдан сотилган.

Тожикистонда долларнинг расмий курси охирги марта 2020 йилнинг ноябрида ўзгарган.

Доллар курсининг ўсиши аллақачон аҳолини хавотирга сола бошлаган, чунки бу сотувчилар учун асосий товарлар нархини ошириш учун ҳақиқий сабаб бўлади, деб айтишади. Валюта етишмаслиги, доллар курсининг ўсиши, рублнинг қулаши — буларнинг барчаси Тожикистонда оқибатларсиз ўтмайди. Гарчи ҳозирда мамлакатда асосий товарлар нархида сезиларли ўзгаришлар бўлмасада, аммо валюта курсидаги аввалги сакрашлар доимо Тожикистонда нархларнинг ошишига олиб келган.

Иқтисодиёт соҳасидаги мутахассислар аллақачон долларнинг расмий курсининг ўсиши мамлакатга олиб кирилаётган барча товарлар нархига таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда, чунки божхона ўтказиш пунктлари ва терминалларда божхона тўловлари Миллий банк томонидан белгиланган курс бўйича олинади.

XS
SM
MD
LG