Ссылки доступа

Тожикистонда долларнинг қимматлаши ортидан озиқ-овқат нархи ҳам кўтарилмоқда


Тожикистонда миллий валютанинг расмий курси кескин тушиб кетди. Айирбошлаш шохобчаларида бир АҚШ доллари 13 сомоний, 1 евро 14,19 сомонийдан берилмоқда. Хорижий валюта курсининг ўсиши баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари — ун, ўсимлик мойи ва шакар нархига сезиларли таъсир кўрсатди.

Бозорлардаги сотувчилар бошқа товарлар, айниқса импорт қилинадиган товарлар учун нархлар ошишини кутишмоқда. – Айрим товарлар, жумладан, қозоқ буғдойи ва уни долларга сотиб олинади, – дейди тадбиркор Искандар Шамсиев.

Озоди радиоси журналистлари пойтахт бозорларида бўлиб, сўнгги кунларда 50 килограммлик бир қоп ун нархи 10 сомонийга, бир литр ўсимлик ёғи 1 сомонийга, бир килограмм шакар нархи 2 сомонийга қимматлашганини аниқлади.

Тожикистон Миллий банки 9 март куни 100 АҚШ долларининг янги курсини 1300 сомоний даражасида белгилади, бу аввалги кунга нисбатан 170 сомонийга қимматроқдир. Мутахассисларнинг фикрича, миллий валютанинг тушишига асосий сабаб Москванинг Украинага ҳарбий босқинидан сўнг Ғарбнинг Россияга нисбатан жорий қилган санкцияларидир.

Шу билан бирга, 9 мартдан бошлаб Тожикистонда Россия рублининг курси расман ошиб, 1000 рубль учун 99,5 сомонийни ташкил қилди. Бир кун аввал 1000 рус рубли курси 91 сомоний эди. Украинадаги инқироздан олдин 1000 рус рубли Тожикистон банкларида 150 сомонийдан сотилган.

Тожикистон Миллий банки сомонийга нисбатан валюта курсининг ошиши сабабларини ҳозирча изоҳламади. 9 март куни эрталаб Миллий банк Озоди радиосининг саволига жавоб бериб, бу масалага кейинроқ изоҳ беришини айтди.

Мутахассисларнинг айтишича, Россияда юзага келиши мумкин бўлган иқтисодий инқироз муносабати билан Тожикистон ҳукумати зудлик билан инқирозга қарши дастурни амалга оширишга киришиши керак.

Тожикистон иқтисодиёти кўп жиҳатдан меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларига боғлиқ. Россия Федерацияси миграция департаменти маълумотларига кўра, Тожикистоннинг 1 миллиондан ортиқ фуқароси ушбу мамлакат ҳудудида меҳнат миграциясида. 2021 йилнинг иккинчи ярмида улар уйларига 750 миллион доллардан ортиқ маблағ жўнатишди.

Озоди радиоси суҳбатдошлари Ғарб санкциялари сабаб Россияда юзага келган иқтисодий инқироз тожик муҳожирларига жиддий таъсир этишини, уларнинг баъзилари ишсиз қолишини истисно қилишмайди. Бу, ўз навбатида, уларнинг оиласи, жамият фаровонлигига ўз таъсирини кўрсатади. Ҳозирда Тожикистонда ҳар тўртинчи оила меҳнат муҳожирлари уйларига юборган пул жўнатмалари ҳисобига кун кечирмоқда.

XS
SM
MD
LG