Ссылки доступа

Қирғизистон президенти Россия ва Украина ўртасидаги вазиятда бетараф эканини айтди


Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида аъзолари қасамёд қилгандан сўнг, давлат раҳбари депутатлар олдида сўзга чиқиб, ўз нутқида Украинадаги уруш билан боғлиқ позиция ҳақида гапирди.

«Россия ва Украина ўртасидаги вазиятнинг оқибатлари аксарият давлатларга салбий таъсир кўрсатмоқда. Дунёда иқтисодий, савдо, мудофаа ва бошқа соҳаларда мураккаб вазият юзага келди. Биз кичик давлатмиз, урушни тўхтатиш учун етарли таъсирга эга эмасмиз, шунинг учун биз бу можарода бетарафмиз», — деди Жапаров.

3 март куни БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг Украинага қуролли босқинини қораловчи резолюцияни маъқуллади. Резолюцияни 141 давлат қўллаб-қувватлаган, 35 давлат бетараф қолган, жумладан Қирғизистон ҳам.

26 февраль куни давлат назоратидаги Россия ахборот агентлигининг «РИАНовости» сайтида «Қирғизистон президенти Садир Жапаров Россия президенти Владимир Путин билан суҳбатда Россия Федерациясининг Донбассда тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Аммо Қирғизистон президенти сайтида эълон қилинган Жапаров ва Путин ўртасидаги телефон суҳбати ҳақидаги пресс-релизда суҳбат бошқача талқин қилинган. Унинг сўзларига кўра, давлат раҳбарлари «халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари, жумладан, Украина атрофидаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашган».

Қирғизистон Республикаси Президенти матбуот котиби Эрбол Султонбоев 27 февраль куни Фейсбукда «Қирғизистон Республикаси томонларнинг тинчликка тезроқ эришишига умид қилмоқда» деган изоҳини эълон қилди. «Биз мавжуд вазият, жумладан, кейинги қурбонлар ва вайронагарчиликларнинг олдини олиш бўйича музокаралар йўли билан ҳал қилинишини олқишлаймиз», — деб ёзади Султонбаев.

XS
SM
MD
LG