Қозоғистон фонд биржасида (KASE) чоршанба кунги савдолар якунларига кўра долларнинг ўртача ўлчанган курси 510 тенгени ташкил қилган бўлса, жума куни савдолар бир доллар учун 504 тенге даражасига яқинлашди.
Аввалроқ Қозоғистон Миллий банки KASE билан биргаликда тенге-доллар жуфтлиги бўйича савдо қоидаларини ўзгартиришга қарор қилгани ҳақида маълум қилганди. «Тенге-АҚШ доллари валюта жуфтлиги бўйича савдолар 9 март куни Нур-Султон вақти билан соат 15:00да очилади ва Франкфурт аукцион форматида бўлиб ўтади. Бу қарор юқори волатиллик ва ташқи омиллар босими шароитида валюта бозорининг беқарорлашувига йўл қўймаслик учун қабул қилинди», — дейилади Қозоғистон Миллий банки хабарида.
Шунингдек, 9 март куни регулятор базавий ставкани йиллик 13,5 фоиз даражасида қолдиришини эълон қилди, бу эса фоиз коридорини ортиқча ёки минус бир фоиз пунктида қолдирди. Пресс-релизда айтилишича, ставканинг жорий даражаси «Миллий банкнинг геосиёсий хатарларнинг ортиши ва инфляция жараёнларининг тезлашиши хавфига муносабатини акс эттиради».
Россия қўшинларининг Украинага бостириб кириши ортидан Россия рублининг давом этаётган заифлашуви ва Ғарб давлатлари томонидан жорий этилган Россияга қарши янги санкциялар фонида тенге долларга нисбатан сезиларли даражада тушиб кетди.
Қозоғистон Миллий банки танганинг қадрсизланишини ушлаб туриш учун валюта интервенцияларини амалга ошира бошлади. Февраль ойи охирида Қозоғистон Миллий банки тенге курсини қўллаб-қувватлаш учун бир неча кун ичида 137 миллион доллар сарфлади. 1 мартдан 5 мартгача Миллий банк 534,3 миллион доллар сотди, бу регулятор маълумотларига кўра, умумий савдо ҳажмининг 60 фоизини ташкил қилади.