Ссылки доступа

Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида чегарачилар ўртасида отишма юз берди


10 март куни Боткен вилоятида қирғиз-тожик чегарасида қурол қўллаш билан боғлиқ ҳодиса юз берди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, эрталаб соат 10:50 да Тескей ҳудудидаги чегаранинг белгиланмаган участкасида Тожикистон чегара отряди илгари қўлланилган ҳаракат йўналишини ўзгартириб янги чегара чизиғига кирган. Қирғизистон Республикаси чегарачилари ушбу участкани тарк этишади.

Қирғизистон чегара хизмати маълумотларига кўра, Тожикистон чегарачиларига қўшимча кучлар етиб келганидан сўнг улар янги чегарага чиқишга уринган.

«Бироқ қирғиз чегарачилари тожикистонлик ҳарбий хизматчиларга ниятларини амалга оширишга имкон бермади. Натижада 10 дақиқага яқин давом этган отишма бошланди. Отишма натижасида Қирғизистон томонидан яраланган ва жароҳатланганлар йўқ», — дейилади МХҚ хабарида.

Қайд этилишича, воқеа содир бўлгандан сўнг дарҳол икки давлат чегара вакиллари ўртасида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтган ва чегарачиларни чегара вакиллари етиб келгунига қадар воқеа жойидан олиб чиқишга қарор қилинган. Соат 11:45да Қирғизистон ва Тожикистон чегара вакиллари музокараларни бошлади.

Қирғиз-Тожикистон чегарасининг узунлиги 970 километр бўлиб, шундан 519 километри аниқланган. Сўнгги маълумотларга кўра, яна 81 километрни келишиб олиш бўйича келишувга эришилган.

Ўтган йилнинг апрель ойи охирида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида қуролли тўқнашув келиб чиққан, натижада қирғиз томондан 154 киши жароҳатланган, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган эди. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлган ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган. Икки томондан уйлар, мактаблар, бошқа бино ва иншоотлар вайрон бўлган ва ёндирилган. Бу икки давлат ўртасидаги мустақилликдан кейинги энг йирик тўқнашув бўлди.

XS
SM
MD
LG