Ссылки доступа

Анталяда Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари учрашуви бўлиб ўтди


Дмитрий Кулеба и Сергей Лавров

Туркиянинг Анталя шаҳрида 10 март куни Россия ва Украина ташқи ишлар вазирлари - Сергей Лавров ҳамда Дмитрий Кулеба учрашуви бўлиб ўтди.

Россия Украинага уруш ўчганидан сўнг Киев ва Москванинг олий даражадаги расмийлари илк маротаба учрашмоқда.

Интерфакс агентлигининг билдиришича, бир ярим соат давом этган учрашувга журналистлар киритилмади. Учрашув аввалида бир неча фотосуратчи ва операторларга тасвирга олиш учун имконият берилди.

Кулеба ва Лавров учрашувида Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли ҳам иштирок этди. Музокаралардан сўнг ҳар бир вазир алоҳида-алоҳида матбуот анжумани ўтказди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба журналистларга Москвани ўқ отишни тўхтатишга кўндира олмагани тўғрисда маълум қилди.

“Бугунги учрашувда ўқ отишни тўхтатиш учун Владимир Путиннинг талабларини бажаришимиз шарт экани айтилди. Бунга жавобан фақат Украина таслим бўлмоқчи эмас ва таслим бўлмайди, деб айта оламан”,-деди Кулеба.

Вазир Украина урушни тўхтатиш учун дипломатик воситалардан фойдаланишда давом этишини таъкидлади. “Россия мулоқотни пропаганда қолипи асосида эмас, асосли равишда давом эттиришга тайёр бўлганида биз учрашувдан бош тортмаймиз”,-деди Кулеба.

Аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Украина Қрим Россия ҳудуди эканини, ўзларини “ДХР” ва “ЛХР” деб атаб олган спеаратчи ҳудудлар мустақил эканини тан олса “ҳарбий махсус амалиёт бир дақиқа ичида тўхтатилиши”ни айтган эди.

Сергей Лавров эса матбуот анжуманида “Россия Украинага ҳужум қилмади ва бошқа давлатларга ҳам ҳужум қилмайди”, деб баёнот берди.

Лавровнинг айтишича, Украинадаги ҳарбий ҳаракат “Россия Федерацияси хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид пайдо қиладиган вазият юзага келгани” учун бошланган.

“Биз Украинада нацистлар давлати шаклланишини истамаймиз”,-деди Лавров Кулеба билан учрашувдан сўнг журналистларга берган интервьюсида.

Лавровнинг айтишича, Мариуполдаги рус ҳарбийлари бомбардимон қилган касалхонада украиналик болалар ёки хомиладор аёллар эмас, “Азов” батальони ва бошқа “қуролли гуруҳлар” бўлган.

XS
SM
MD
LG