Ссылки доступа

Украина бош вазири ўринбосари гуманитар коридорлар ишини сарҳисоб қилди


Вице-премьер правительства Украины Ирина Верещук
Вице-премьер правительства Украины Ирина Верещук

Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук гуманитар йўлаклар ишининг дастлабки натижаларини сарҳисоб қилди.

Унинг сўзларига кўра, икки кун ичида Суми, Тростянец ва Краснополедан Полтава йўналиши бўйича 60 минг киши олиб кетилган. Харков вилоятининг Изюм шаҳрида уч минг киши қолди. 9 март куни Киев вилояти шаҳарларидан 20 мингга яқин одам эвакуация қилинди.

Бундан ташқари, Энергодар ва Изюмга 200 тонна инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Мариуполда эса, Верешчукнинг сўзларига кўра, гуманитар фалокат юз бермоқда. Бу ерга озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб беришнинг иложи бўлмади, аҳоли ҳам шаҳарни тарк эта олмади.

Киев вилояти Ворзел шаҳар типидаги аҳоли пунктида ҳам гуманитар йўлак ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар юзага келди.

10 март ҳолатига кўра, БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Россия босқини туфайли Украинада 2,3 миллион киши уйини ташлаб кетишга мажбур бўлган, уларнинг деярли ярми болалар. БМТ маълумотларига кўра, уруш бошланганидан бери 516 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.

Тинч аҳолини эвакуация қилиш, озиқ-овқат ва дори-дармонларни етказиб бериш учун гуманитар йўлакларни ташкил этиш Россия ва Украина ўртасидаги Беларус ҳудудидаги музокараларнинг асосий мавзуси бўлди. Томонлар бир неча бор бир-бирини сукунат режими ва бу борадаги келишувларни бузганликда айблаган.

XS
SM
MD
LG