Ссылки доступа

Тожикистонда ун қимматлашди, маҳсулот савдоси эса вақтинча тўхтатилди


Тожикистонда ун маҳсулоти қимматлашди. Пайшанба куни 50 килограммлик бир қоп ун нархи 270-280 сомонийдан 290-325 сомонийга (30 доллар атрофида) кўтарилган. Баъзи савдогарлар мамлакатнинг асосий товарларидан бирини сотишни вақтинча тўхтатишга қарор қилишди.

Озоди радиоси журналистлари пайшанба куни эрталаб пойтахтдаги «Саховат» бозорида бўлиб, ун нархи ошганига, сотувчилар дўконларини ёпгани ва ун сотмаганига гувоҳ бўлди. Бу ерда ярмаркаларда 50 килограммлик бир қоп ун 290 сомоний, айрим дўконларда эса 325 сомоний туради. Пойтахт автовокзалига яқин жойда жойлашган бозорда бир қоп ун 300 сомонийдан сотилган. Харидорларнинг айтишича, бир-икки кун аввал бир қоп ун нархи 260 сомоний эди. Душанбе чеккасидаги айрим бозорларда бир қоп қозоқ уни 320 сомонийдан қимматроқ сотилмоқда.

Айни пайтда айрим бозорларда одамлар ун учун навбатга туришган.

Пойтахт бозорларидаги масъуллар сўнгги кунларда ун нархи ошганини тасдиқлашди, бироқ фуқароларни ун харид қилишга шошилмасликка чақиришди. Уларнинг фикрича, бир неча кундан кейин вазият нормаллашади, чунки уларда етарли миқдорда ун мавжуд. – Омборимизда 300 тоннадан ортиқ ун бор, – дейди «Деҳқон» бозори директори Мастон Шарифов.

Аксарият савдогарлар ун нархининг ошишини доллар курсининг сомонийга нисбатан кескин ошгани билан изоҳламоқда. Тожикистонда 9 март куни расмий доллар курси кескин кўтарилди, банкларда 100 доллар 1300 сомонийга кўтарилди. Сотувчи Холмуҳаммад Ортиқов ун нархи ошиши сабабини Қозоғистондаги тадбиркорлар унни долларга сотиб олиши, Тожикистонда эса сомонийга сотаётгани билан изоҳлади.

Тожикистон Монополияга қарши хизматининг исми сир қолишини истамаган мулозимларидан бирининг Озоди радиосига айтишича, уларга ун ва бошқа маҳсулотлар нархи ошиши сабабларини ўрганиш топширилган. «Ходимларимиз аллақачон бозорларни бориб кўришган, биз нархлар билан боғлиқ вазиятни назорат қиламиз», - дея қўшимча қилди у.

Хорижий валюта курсининг ошиши бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг нархига ҳам таъсир кўрсатди – бозорларда 1 килограмм шакар 12 сомоний, ўсимлик мойининг бир литри эса 24 сомонийга баҳоланди.

Тожикистоннинг валюта ва озиқ-овқат бозорларидаги ўзгаришлар Россиянинг Украинага бостириб киришидан кейин содир бўлди.

Тожикистон деярли бутунлай ун ва буғдойни Қозоғистондан импорт қилади. Шу билан бирга, кейинги йилларда ун етказиб бериш камайиб, буғдой импорти эса, аксинча, ортиб бормоқда. Бунга Тожикистонда буғдойни қайта ишлаш бўйича янги корхоналар очилиши сабаб бўлди, улар ҳозирда мамлакатнинг унга бўлган эҳтиёжининг деярли 90 фоизини таъминламоқда.

XS
SM
MD
LG