Ссылки доступа

Тожикистон Миллий банки мамлакатда доллар курсининг кескин ўсишини изоҳлади


Тожикистон Миллий банки долларнинг сомонийга нисбатан расмий курси ошиши сабабини тушунтирди.

Шу билан бирга, мамлакат валюта тизимининг бош регулятори қандайдир воситалар, жумладан, бозорга қўшимча доллар олиб кириш орқали вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилаётганини айтди. Мутахассислар эса бунга ишончсизлик билдирмоқда. Валюта бозоридаги ўзгаришлар Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Ғарбнинг Москвага нисбатан санкцияларини кучайтириши ортидан содир бўлди.

9 март куни Тожикистонда АҚШ долларининг расмий курси 100 доллар учун 1300 сомонийга кўтарилди. Миллий банк бундай қарорни турли омиллар, жумладан, долларга талабнинг ўсиши, пул ўтказмаларининг қисқариши ва мамлакатдаги салбий савдо баланси таъсири билан изоҳлади.

Банкнинг 10 март кунги баёнотида айтилишича, аввалроқ долларнинг расмий курси ва унинг қора бозордаги савдоси ўртасидаги фарқ 15,9 фоизни ташкил этган.

Иқтисодий таҳлилчи Пайрав Чоршанбиевнинг 11 март куни айтишича, валюта тушуми, айниқса, меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмалари қисқаргани валюта бозоридаги вазиятни ўзгартирган. «Шунинг учун Миллий банк доллар курсини оширишга мажбур бўлди, бироқ реал курсни бозор белгилайди. Хорижий валютанинг импорти қанча кам бўлса, курсга босим шунчалик кучли бўлади», — дея қўшимча қилди Чоршанбиев.

Миллий банк хорижий валютага бўлган талаб ва тақчилликни қондириш мақсадида валюта интервенцияларини амалга ошириш ниятида. Демак, расмийлар мижозларнинг эҳтиёжларини қондириш учун валюта бозорига маълум миқдорда чет эл валютасини чиқаради. Бироқ, шу билан бирга, валюта регулятори Америка банкнотлари қачон ва қайси ҳажмда муомалага чиқарилишига аниқлик киритмаган. Баёнотда фақат бундай аралашувлар пайтида асосий товарларни етказиб берувчиларнинг сўровларига устунлик берилиши таъкидланган.

Тожикистон Миллий банки расмийлари валюта бозоридаги вазиятни таҳлил қилиб, валюта бозори барқарорлигини таъминлаш ва нисбатан барқарор курсни сақлаб қолиш учун «зарур воситалар ва ресурслар»дан фойдаланишларига ишонишади.

Таҳлилчилар фикрича, Тожикистон иқтисодиёти ташқи бозорга боғлиқ ва дунёдаги ҳар қандай инқироз мамлакат иқтисодиётининг турли тармоқлари, жумладан, банк тизимидаги иқтисодий заифлигини кўрсатади. Савдогарлар асосан хориждан зарур маҳсулотларни импорт қиладилар ва ўз бизнесларини юритиш учун доимо долларга муҳтож бўлишади.

XS
SM
MD
LG