Ссылки доступа

Туркманистонда президентлик сайловлари якунига етди


Туркманистондаги муддатидан олдин ўтказилаётган президентлик сайловлари якунига етди, маҳаллий вақт билан 19:00 ҳолатига кўра 97,12 фоиз сайловчи овоз бериб бўлган. Бу ҳақда Туркманистон Марказий сайлов комиссияси хабар қилди.

Туркманистондаги президентлик сайловларида жами 3 миллион 435 минг 950 нафар сайловчи рўйхатдан ўтган ва 2 577 та сайлов участкаси ташкил қилинган.

Туркманистон президенти вазифасини бажарувчи Гурбангули Бердимуҳамедов Ашхободдаги Аннаниёз Ортиқ номидаги 68-мактабда ташкил қилинган сайлов участкасида овоз берган.

У участкага аравачада ҳаракатланувчи 85 ёшдаги онаси билан бирга келган ва ушбу сайловларни тарихий аҳамиятга эга жараён эканлигини таъкидлаган.

Президентнинг ўғли мамлакатдаги ҳукмрон Демократик партия номзоди Сердар Бердимуҳамедов ҳам пойтахтдаги 68-мактабда овоз берган.

«Хроника Туркменистана” нашри сайловларда овоз бераётган фуқароларнинг у қадар фаол эмаслигини ёзган. Қайд этилишича, бу сафар сайловларнинг боришини онлайн режимда кузатиш имконияти яратилган, бироқ бунинг учун Туркманистон ҳудудида бўлиш талаб этилади.

8 март куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг инсон ҳуқуқлари ҳамда демократик институтлар бўйича бюроси ўз миссиясини Туркманистондаги президентлик сайловларида кузатувчилар сифатида қатнашишини тавсия этмаган. Бюро баёнотида сайловларнинг ўтказилиши ҳақидаги эълон ва уларнинг ўтиш вақти кескин қисқариб кетганини ёзилган. Ушбу қарор Туркманистоннинг фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш юзасидан ташкилот тавсияларини инкор қилгани билан боғлиқ, дея хабар қилган «Азатлик».

XS
SM
MD
LG