Ссылки доступа

Бухорода таъмирдан чиққан қалъа деворининг бир қисми ёғингарчилик туфайли қулаб тушди


Ўтган ҳафта давомида муттасил ёғингарчилик кузатилгани оқибатида 11 март оқшомида Бухородаги “Талипоч қалъа дарвозаси” меъморий ёдгорлиги чап томонидаги қалъа деворининг бир қисми қулаб тушган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги ахборот хизмати маълумот тарқатди.

Агентлик қайдича, 12 март куни Бухоро вилоят ҳокимияти, Маданий мерос бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Бухоро минтақавий реставрация маркази, Бухоро вилоят маданий мерос бошқармаси масъул ходимлари ва бошқарманинг махсус эскспертларидан иборат Жамоатчилик Илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ҳодиса жойида бўлиб, текширув ўтказишган.

Ўрганиш натижасида кенгаш аъзолари деворнинг чўкиши ва қулаб тушишига ёғингарчилик сабаб бўлган, деган хулосага келганлар.

Хабарномада XVI асрга тегишли бўлган “Талипоч қалъа дарвозаси” 2003 йилда реставрация қилинган бўлса-да, бу жараёнда шошма-шошарликка йўл қўйилгани, таъмирлаш ишлари малакали усталар томонидан олиб борилмагани ўз таъсирини кўрсатгани урғуланган.

“Эндиликда бу каби камчиликларни олдини олиш мақсадида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан маданий мерос объектларини реставрация ишларини пухта ўйланган режа асосида, малакали мутахассислар иштирокида амалга ошириш чоралари кўрилмоқда”, дейилган агентлик хабарномасида.

XS
SM
MD
LG