Ссылки доступа

Қозоғистон Украинага биринчи расмий инсонпарварлик ёрдамини жўнатди


Қозоғистон Украинага инсонпарварлик ёрдами сифатида 28 тонна дори-дармон жўнатди. Бу Украинага Қозоғистон ҳукумати томонидан тасдиқланган биринчи гуманитар ёрдамдир. Илгари инсонпарварлик ёрдами Украина элчихонаси орқали кўнгиллилар ва ишқибозлар томонидан етказилган эди.

Олмаота аэропорти матбуот хизмати хабарига кўра, инсонпарварлик ёрдами юкланган биринчи самолёт 14 март куни эрталаб Украинага жўнаб кетган. Инсонпарварлик ёрдамининг умумий оғирлиги 28,2 тоннани ташкил этади.

Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, 15 март куни Олмаота аэропортидан Украина фуқароларига гуманитар ёрдам етказилган иккинчи рейс режалаштирилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Украина томонининг расмий мурожаатига жавобан Қозоғистон гуманитар ёрдам кўрсатаётганини маълум қилди.

«Украина ҳудудига юкларни хавфсиз етказиб бериш учун Қозоғистон ҳукумати Украинага халқаро гуманитар ёрдамни қабул қилиш ва тарқатиш учун марказлар жойлаштирилган қўшни давлатлар билан келишиб олди», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Украинага кейинги етказиб бериш учун Қозоғистондан инсонпарварлик юклари Полшанинг Катовице шаҳрига олиб келиниши режалаштирилган, у орқали сўнгги ҳафталарда Украина шаҳарларидан эвакуация қилинган қозоғистонликлар ўз ватанларига учиб кетишган.

Украинага дори-дармон жўнатилган самолёт Қозоғистоннинг бу давлатга юборган биринчи расмий гуманитар ёрдами саналади. Ўтган ҳафта Оқўрда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаер билан телефон орқали суҳбатда Қозоғистон Украинага дори-дармон ва бошқа гуманитар ёрдамлар етказиб беришга тайёрлигини айтгани ҳақида хабар берган эди.

Бундан ташқари, март ойининг бошидан қозоғистонликлар Россия ҳарбий агрессиясига дуч келган Украинага ёрдам йиға бошлади. Кўнгиллилар Украинанинг Қозоғистон пойтахтидаги элчихонасига дори-дармонлар, гигиена воситалари, молиявий ресурсларни етказиб беришди. Украина дипломатлари мамлакатга Полша орқали, жумладан, самолёт орқали етказиб беришни ташкил қилишларини айтишди.

11 март куни қозоғистонликлар томонидан Украина халқи учун йиғилган 40 тонна юк билан иккита юк машинаси Қозоғистон пойтахтидан Украинага жўнаб кетди. Украинанинг Қозоғистондаги элчиси Петро Врублевскийнинг сўзларига кўра, юк машиналари 10 кун давомида йўлда бўлади. 11 март куни у «Украинага ҳаво орқали 25 тоннага яқин юк жўнатилганини» айтди.

XS
SM
MD
LG