Ссылки доступа

Қозоғистон: Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалди коррупцияга оид жиноят иши доирасида икки ойга ҳибс этилди


Нур-Султон шаҳри тергов суди Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг жияни Қайрат Сатибалдини “Қозоқтелеком” АЖдаги талон-торож иши бўйича икки ойга қамоққа олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Tengrinews.kz нашри хабар қилди.

Тергов давом этаётганлиги сабабли жиноят иши тафсилотлари очиқланмаган.

Назарбоевнинг жияни 13 март куни Аксилоррупция хизмати томонидан қўлга олинганди. Хизмат вакили Қ. Сатибалдининг нафақат “Қозоқтелеком”даги талон-торожга, балки “давлат хавфсизлигига путур етказувчи” бошқа жиноятларга алоқадорлиги ҳам текширилаётганини билдирган.

Қайрат Сатибалди Skyline Investment Company S.A. офшор фирмасининг ягона таъсисчиси бўлиб олганида оммавий ахборот воситалари эътиборига тушган: мазкур фирма мамлакат телекоммуникациялар бозорида монополист бўлмиш “Қозоқтелеком” ширкати акцияларининг қарийб 25 фоизига эгалик қилади. Озодликнинг қозоқ хизмати суриштирув ўтказиб, таъсисчининг исми, фамилияси, туғилган санаси Назарбоев жиянининг шахсий маълумотлари билан бир хиллигини аниқлаган.

Фирма Люксембургда рўйхатга олинган бўлиб, унга оид маълумотлар узоқ вақт сир тутилган. Уч йил муқаддам Европа Иттифоқи ноқонуний ўзлаштирилган маблағларни “ювиш” билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Люксембург ҳукуматига ўз ҳудудидаги барча хорижий ширкатларнинг соҳибларини очиқлаш талабини қўйгач, жумладан, Қайрат Сатибалдига оид маълумотлар ҳам ўртага чиққан.

Forbes журнали 2018 йилда Қайрат Сатибалдининг бойликларини 163 миллион долларга баҳолаб, уни Қозоғистоннинг энг бадавлат 50 тадбиркори рўйхатига киритган. Сатибалди ўшанда “Қозоқтелеком”дан ташқари, “Kaspi.kz”, “Kaspi Bank”, “Амир LTD”, “Дунё корпорацияси”, “Дунё-Кузет” ва “Дүнё-Агро” каби ширкатларда ҳиссадор бўлган.

XS
SM
MD
LG