Ссылки доступа

Ўнлаб Украина фуқаролари қозоғистонликлар билан бешинчи эвакуация рейсида Олмаотага учиб келди


15 март куни тушдан кейин Air Astana авиакомпаниясининг рейси 89 йўловчиси билан Олмаота аэропортига қўнди. 56 нафар Қозоғистон, 32 нафар Украина ва бир нафар Полша фуқароси Полшанинг Катовице шаҳридан етиб келди, деб хабар берди Олмаота аэропорти матбуот хизмати.

Аввалроқ Украинадан эвакуация қилинган 587 нафар қозоғистонлик Катовице орқали тўртта рейс билан Қозоғистонга етказилган эди. Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, шу кунгача Қозоғистоннинг 822 нафар фуқаросига Украинани тарк этишда ёрдам кўрсатилди. Улардан 726 киши Полшага, қолганлари Молдова, Руминия, Венгрия ва Словакияга кетган.

15 март ҳолатига кўра, ТИВ маълумотларига кўра, Катовицеда ва Украина-Полша чегарасини кесиб ўтиш учун навбатда турган қозоғистонликлар йўқ. Украинанинг Харков шаҳридаги эвакуация пунктида Қозоғистоннинг уч фуқароси, Суми шаҳрида яна бир фуқаро бор. Улар билан мунтазам алоқада бўлиб турилибди.

Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси маълумотларига кўра, Россия қўшинлари томонидан қамал қилинган Мариупол шаҳридаги қозоғистонликларнинг умумий сони ҳамон 18 нафарни ташкил этади. Электр таъминотидаги узилишлар ва телефон алоқалари туфайли улар билан алоқани давом эттиришнинг имкони бўлмаяпти.

Бугунги кунга келиб Қозоғистоннинг 57 оғир автомашинасидан 51 таси Украина ҳудудини тарк этди, қолган олтита машинага максимал даражада зарур ёрдам кўрсатилмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси маълумотларига кўра, 15 март ҳолатига кўра, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий ҳужуми 20 кундан кам давом этган уруш давомида 2 миллион 969 минг кишини хавфсизлик излаб мамлакатни тарк этишга мажбур қилган. Идоранинг аниқлик киритишича, қочқинларнинг 60 фоиздан ортиғи Украина-Полша чегараси улушига тўғри келган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Олий комиссари бошқармаси вазиятнинг давом этаётганини инобатга олган ҳолда, тўрт миллионга яқин одам Украинани тарк этиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

XS
SM
MD
LG