Ссылки доступа

АҚШ Украинага 13,6 миллиард долларлик ёрдам беради


АҚШ президенти Жо Байден Украинага 13,6 миллиард доллар миқдорида ҳарбий, гуманитар ва иқтисодий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги қонунни имзолади.

«Мен ҳозиргина ҳукумат очиқлигини таъминловчи ва Украинага тарихий 13,6 миллиард долларлик маблағни тақдим этадиган икки партиявий ҳукумат маблағлари тўғрисидаги қонунни имзоладим», деди Байден.

Унинг сўзларига кўра, ушбу қонун лойиҳаси билан Оқ уй Америка халқига «демократлар ва республикачилар ҳақиқатан ҳам бирлашиб, нимадир қилишлари мумкинлиги ҳақида кучли сигнал» юбормоқчи.

Унинг қўшимча қилишича, Россия истилоси бутун Америка бўйлаб одамларни бирлаштирган: «Конгрессдаги икки партиямизни бирлаштирди ва зудлик билан ва қатъий ҳаракат қилиш учун эркинликни севувчи дунёни бирлаштирди, биз ҳозир шундай қиляпмиз».

Маблағлар Украина Қуролли Кучларини қўллаб-қувватлашга мўлжалланган, пулнинг бир қисми фуқароларга, шу жумладан 1,5 миллионга яқин қочқинларга гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳам йўналтирилади.

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси 9 март куни қонун лойиҳаси бўйича овоз бериш чоғида ажратилган маблағ фақат «айсбергнинг учи» бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

XS
SM
MD
LG