2021 йил ноябрь ойидан бери Хоруғ ва унинг атрофидаги туманлар аҳолиси интернетдан узилган. Тожикистон Алоқа хизмати январь ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида минтақада интернет йўқлиги ҳақидаги саволга тўлиқ жавоб бера олмади. Сўнгра Алоқа хизмати раҳбари ўринбосари Илҳомжон Атоев сўзга чиқиб, «ТБАВда фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигини ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида техник чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», деди. У бу «фаолият» қачон тугашига аниқлик киритмади.
АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси 16 март куни эълон қилган баёнотида ТБАВда интернетга кириш чекловлари юзасидан хавотир билдирди.
«Бу вилоят аҳолисининг ахборот олиши, бизнес юритиши ва сўз эркинлигига таъсир қилди. Биз Тожикистон ҳукуматини асосий эркинликларни ҳурмат қилишга чақирамиз», — дейилади баёнотда.
Ўтган ҳафта БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелет ҳам ТБАВда Интернетга киришда чеклов давом этаётганидан афсусда эканлигини билдирди. «Бу ёндашув инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишдир», деди у.
Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида Тожикистон хавфсизлик кучларининг махсус операцияси чоғида Роштқалъа вилоятида яшовчи Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилиши ортидан ноябрь ойида Хоруғдаги норозилик намойишлари бошланганидан бери вазият янада мураккаблашди.
Ҳарбий прокуратура вакиллари ўтган йилнинг ноябридаги воқеаларни ҳалигача тергов қилишаётганини, бироқ аҳоли интернетнинг йўқлиги, босим кучайиши, ҳарбий хизматчиларнинг кўплиги ва махсус операция бўлиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлардан хавотирда.