Ссылки доступа

Россия Европа Кенгаши аъзолигидан чиқарилди


Европа Кенгаши (ЕК) Вазирлар қўмитаси 16 мартдан бошлаб Россияни ташкилот аъзолигидан чиқаришга қарор қилди. Россия ушбу ташкилотга 26 йилдан бери аъзо ҳисобланарди.

Европа Кенгаши (ЕК) Вазирлар қўмитаси 16 мартдан бошлаб Россияни ўз сафидан чиқаришга қарор қилди. Бу ҳақда ташкилот сайтида маълум қилинди.

«ЕК Вазирлар қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишида ЕК Низомининг 8-моддасига мувофиқ бошланган тартиб доирасида Россияни ташкилотдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дейилади хабарда.

15 март куни ЕК Парламент Ассамблеяси Россияни ташкилотдан чиқариш учун овоз берган. Бу қарорни Ассамблеянинг 216 вакили қўллаб-қувватлади, уч нафари бетараф қолган. Ушбу қарорга ҳеч ким қарши овоз бермаган.

Европа Кенгаши — инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳамкорликни қўллаб-қувватловчи Европанинг энг қадимги халқаро ташкилотларидан биридир. Бугунги кунга қадар ташкилотга 47 давлат аъзо бўлган. ЕК эришган энг катта ютуқлардан бири инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа конвенциясининг ишлаб чиқилиши ва қабул қилиниши ҳисобланади.

Россия ушбу ташкилотга 1996 йил 28 февралда аъзо бўлганди.

Аввалроқ, 25 февралда Россиянинг ушбу ташкилотга аъзолик ҳуқуқлари тўхтатиб қўйилганди.

Россия давлат Думаси вице-спикери, Европа Кенгаши Парламент ассамблеясидаги Россия делегацияси раҳбари Петр Толстой мазкур қарорни қоралаб, Европанинг энг йирик давлати бўлмиш Россиясиз Европа Кенгаши иши ўз маъносини йўқотаётганини таъкидлаганди.

«Россия Европанинг энг йирик давлати бўлиб қолади, усиз бирорта ҳам Европа Кенгаши бўлиши имконсиз ва кераксиз. Чунки унда ҳақиқат бўлмайди», — дея таъкидлаган эди Петр Толстой.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский БМТ Халқаро судига Россия устидан шикоят киритганини эълон қилганди. Украина раҳбари Халқаро суддан Россияга ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни буюришини сўраган.

XS
SM
MD
LG