Бу маълумотни таҳририятимизга «Кылым шамы» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Гулшайир Абдирасулова тасдиқлади. Аввалроқ ҳибсга олинганлар Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида дипломатик миссия биносига тинч митинг ўтказиш учун келгани хабар қилинганди.
Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳозирча воқеа юзасидан изоҳ бермади.
Шу ҳафта бошида, 14 март куни маълум бўлишича, 11 март куни пойтахтнинг туман судларидан бири полициянинг Бишкекнинг Первомайский туманидаги айрим объектларда акция ва митинглар ўтказишни тақиқлаш ҳақидаги қарори қонунийлигини тан олган. Шу муносабат билан 11 апрелга қадар фуқаролар ва нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан Жогорку Кенеш, ҳукумат, Россиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси бинолари яқинида (давлат ва муниципал расмий тадбирлардан ташқари) уюштириладиган акция ва митинглар ўтказишга тақиқ жорий этилди. Хусусан, Ала-Тоо майдонида ҳам.
Худди шу қарор билан Максим Горкий номидаги майдон ҳам шундай тадбирлар ўтказиладиган жой сифатида белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, 24 февралда бошланган Россиянинг Украина ҳудудига қуролли босқинидан сўнг Бишкекда Россиянинг Қирғизистон Республикасидаги элчихонаси биноси ёнида Украинани қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча акциялар бўлиб ўтди. Ана шундай пикетлардан бирида, 5 март куни полиция фаол Мирлан Асакеэвни ҳибсга олди, у «ҳуқуқ-тартибот органи ходимининг қонуний буйруғига бўйсунмагани» учун 3000 сом (30 долларга яқин) жаримага тортилди.