Россия 16 март куни Европа Кенгаши аъзолигидан ўчирилган. ИҲЕС мазкур санадан сўнг Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясига зид хатти-ҳаракатлар содир этган мамлакат устидан тушган шикоятларни кўриб чиқмаслиги назарда тутилган. Россия ЕКдан ўз хоҳишига кўра чиққанида суд юрисдикцияси 2023 йил 1 январига қадар амал қилган бўлар эди.
16 март куни Европа Кенгашининг Парламент ассамблеяси Россияни ташкилотдан четлатишни ёқлаб овоз берган. Кун тартибига оид изоҳномада Москва томонидан ИҲЕС қарорлари ҳамда вақтинчалик чораларининг ижро этилиши самарасизлиги урғуланган.
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров РБК телеканалига берган интервьюсида Москва Европа Кенгаши ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясидан чиқиш фуқароларининг ҳуқуқларига салбий таъсир этишининг олдини олиш устида иш олиб бораётганини айтган.
Федерация Кенгашининг конституциявий қонунчилик қўмитаси раиси Андрей Клишас эса фуқароларни ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун Россия судларига фаол мурожаат қилишга чақирган.