Ссылки доступа

АҚШ разведкаси: Украина билан урушда 7000 рус аскари ҳалок бўлди


Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши бошланганидан бери етти мингдан ортиқ россиялик ҳарбий ҳалок бўлди. Бу Ироқ ва Афғонистондаги 20 йиллик жангларда ҳалок бўлган америкалик аскарларнинг умумий сонидан кўп, деб ёзади The New York Times АҚШ разведкаси маълумотларига таяниб.

Газетанинг ёзишича, 14 мингдан 21 минггача рус аскари яраланган. Умуман олганда, Украина ҳудудидаги урушда 150 мингга яқин россиялик ҳарбий хизматчилар қатнашмоқда, дея таъкидлайди The New York Times.

Манбаларнинг таъкидлашича, Россия армиясининг йўқотишлари ҳақидаги маълумотлар тахминий ва очиқ манбалар, жумладан Украина Мудофаа вазирлиги маълумотлари ва сунъий йўлдош тасвирларига асосланган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги вакилларининг фикрича, кўп сонли ўлимлар россиялик ҳарбийларнинг руҳиятига таъсир қилиши мумкин, уларнинг баъзилари нима учун курашаётганини тушунмайди.

Украина расмийларининг таъкидлашича, Россия босқин бошланганидан бери 14 мингга яқин аскарини йўқотган. Россия Мудофаа вазирлиги Украина томонида 18 мингдан ортиқ қурбонлар борлигини даъво қилмоқда.

Бугунга қадар Россия Мудофаа вазирлиги фақатгина бир марта йўқотишлар ҳақида эълон қилди. 2 март куни департамент 498 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Украина Мудофаа вазирлиги ўз маълумотларини ошкор қилмади. Украина президенти Владимир Зеленский шу ҳафта бошида 1300 нафар украиналик аскар ҳалок бўлганини эълон қилди.

Ҳарбий ҳаракатлар пайтида низолашаётган томонларнинг маълумотларини текшириш мумкин эмас.

Россиянинг Украинага қуролли бостириб кириши Владимир Путин буйруғи билан 24 февралда бошланган. У Кремлнинг хатти-ҳаракатларини НАТО гўёки Украинани Россияга қарши куч постига айлантирмоқчи эканлиги билан оқлади. Украина ва НАТО буни рад этади.

XS
SM
MD
LG