Ссылки доступа

Манба: Қозоғистондан 50 дан ортиқ тожик муҳожири депортация қилинди


Иммиграция қонунчилигини бузгани учун Қозоғистондан 50 дан ортиқ Тожикистон фуқароси депортация қилинди.

4 мартдан бошлаб Қозоғистонда чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга вақтинчалик ва доимий яшаш учун рухсатнома бериш қоидалари ўзгартирилди.

Қозоғистон расмийларининг маълум қилишича, 2021 йилда Тожикистоннинг 40 мингдан ортиқ фуқароси ушбу мамлакатга ишлаш учун келган.

2000 дан ортиқ тожикистонлик иммиграция қонунларини бузгани учун депортация қилинди.

Қозоғистондаги тожик диаспораси раиси Шакарбек Норматов полиция рейдлари чоғида муҳожир ватандошлар қўлга олинганидан хабари борлигини айтди.

«Ҳокимият аввалроқ барчага ноқонуний муҳожирларни аниқлаш бўйича рейдлар ўтказилиши ҳақида хабар берган эди. Афсуски, айрим юртдошларимиз керакли ҳужжатларни расмийлаштиришга шошилмаяпти ва шу орқали Қозоғистон миграция қонунчилигини бузмоқда...», — деди диаспора раҳбари 16 март куни.

Норматовнинг сўзларига кўра, Россиядаги иқтисодий вазият ёмонлашгани сабаб Қозоғистонда ишлаш истагида бўлган Тожикистон фуқаролари сони ортиши мумкин.

2000 йилларнинг бошидан бери Қозоғистон ҳам худди Россия каби Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган меҳнат муҳожирлари учун асосий йўналишлардан бири саналади. Мамлакатда МДҲ давлатларидан ташриф буюрувчилар учун виза талаб қилинмайди. Уларнинг аксарияти мамлакатга келиш сабабини кўрсатмайди ҳам. Мигрантлар саёҳат мақсади сифатида ўқиш, туризм ва шахсий ишларни кўрсатадилар. Пандемиядан олдин Қозоғистонда Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан келган миллионга яқин меҳнат муҳожири ишлаган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотларига кўра, Қозоғистонда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари тез-тез бузилади.

XS
SM
MD
LG