16 март куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон «тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, сармоя жалб этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, иш ўринлари яратиш ва текширишларни қисқартириш мақсадида» 2023 йил 1 январгача мораторий қўйиш тўғрисидаги тегишли фармонни имзолади.
Фармонда, шунингдек, мораторий кейинги ойдан кучга кириши айтилган.
Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши ортидан юзага келган инқироз туфайли Тожикистон ҳукуматида махсус дастур йўқлиги ҳақидаги мутахассисларнинг баёнотлари фонида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини барча турдаги текширишларга мораторий эълон қилинди. Шунга ўхшаш дастурлар бир қатор постсовет мамлакатларида аллақачон бошланган. Уруш Россиянинг иқтисодий ўсишини секинлаштириши ва меҳнат муҳожирларининг пул ўтказмаларининг қисқаришига таъсир қилиши кутилмоқда.
Айни пайтда тадбиркорлар давлат идоралари томонидан доимий текширувлар ўтказилаётгани ва солиқ юкининг юқорилигидан мунтазам шикоят қилмоқда. Расмийларга кўра, ўтган йил давомида мамлакатда 20 мингдан ортиқ тадбиркор ўз фаолиятини тўхтатган. Бунинг сабабларидан бири, таҳлилчиларнинг фикрича, расмий тузилмаларнинг асоссиз ва доимий текширувидир.
2018 йилда Тожикистон президенти тадбиркорлик субъектларини текширишга икки йил муддатга мораторий эълон қилган эди.
Банк кредитлари бўйича юқори фоиз ставкалари, бозорда соғлом рақобатнинг йўқлиги, солиқларнинг юқорилиги тожик тадбиркорлари учун жиддий муаммодир. Аввалроқ халқаро молия институтлари мамлакатдаги ишбилармонлик муҳитини очиқдан-очиқ танқид қилган эди.
Ўтган йили узоқ муҳокамалардан сўнг мамлакатда янгиланган Солиқ кодекси қабул қилинди. Расмий маълумотларга кўра, тадбиркорлар ва инвесторларга кўплаб енгилликлар берилган, бироқ мамлакатда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қилаётган ҳолатлар юзасидан мурожаатлар сони камайгани йўқ.