Ссылки доступа

Толибон Кобулда Tolo News телеканалининг уч ходимини ҳибсга олди


Толибон Кобулда мамлакатнинг етакчи телеканалларидан бири Tolo Newsнинг уч ходимини ҳибсга олди. Ҳаракат томонидан 17 март куни кечқурун ҳибсга олинганлар орасида телеканал директори Хполвак Сафи, ахборот-таҳлилий кўрсатувлар бошловчиси Баҳрам Аман ва ҳуқуқ маслаҳатчиси Нафи Холиқ ҳам бор.

Tolo News телеканалининг Германиядаги мухбири Саид Шинворийнинг таҳририятимизга айтишича, Толибон раҳбарияти (ҳаракат дунёнинг бир қанча мамлакатларида тақиқланган) Tolo News телеканалига эгалик қилувчи Moby Group медиа гуруҳига хорижий сериалларни кўрсатишни тўхтатиш тўғрисида буйруқ юборган. «Бу ҳақда соат 18:00 да эфирда хабар бердик. Орадан бироз вақт ўтгач, толиблар телеканал офисига бостириб кириб, ҳамкасбларимиз устидан ҳақорат ва таҳдидлар ёғдиришди. Улар Хполвак Сафини офисга чақириб, уни мезбон Баҳрам Аман билан бирга номаълум манзилга олиб кетишди», деди Шинвори.

Tolo News телеканалининг собиқ директори Лутфулло Нажафизода Твиттердаги саҳифасида Хполвак Сафи ва Нафи Холиқнинг кейинроқ қўйиб юборилганини, бироқ мамлакатдаги энг машҳур телебошловчилардан бири бўлган Аман ҳамон ҳибсда қолаётганини ёзди.

BBC Форс хизматининг хабар беришича, 17 март куни кечқурун Толибоннинг 15 га яқин қуролланган хавфсизлик ходимлари Кобулдаги Tolo News телеканали биносига бостириб кириб, телеканал директори Хполвак Сафи, бошловчи Баҳрам Омон ва яна бир ходимни ҳибсга олган.

Moby Group медиа гуруҳи Толибон талабини вақтинча бажаришга мажбур бўлганини айтди.

Радикал ҳаракат раҳбарияти ҳозирча мамлакатнинг етакчи телеканали ходимларининг ҳибсга олинишига изоҳ бермади.

Воқеа муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Афғонистондаги ёрдам миссияси ўз хавотирини билдирди. Миссия 18 март куни эълон қилинган баёнотда Толибон ҳаракатларини «ўзбошимчалик» деб атади ва ҳибсга олинганларни зудлик билан озод қилишни ҳамда Афғонистонда мустақил матбуотга таҳдид ва зўравонликларни бас қилишни талаб қилди.

Халқаро Журналистлар Федерацияси ва Афғонистон Миллий Журналистлар Уюшмаси ўтказган тадқиқот шуни кўрсатдики, Толибон Афғонистонда назорат ўрнатганидан бери 318 оммавий ахборот воситалари ёпилган, 3000 га яқин журналист ишсиз қолган. Афғонистондаги 114 та газетадан атиги 20 таси бугунги кунда нашр этилади. Шунингдек, 51 та телеканал, 132 та радио ва 49 та онлайн оммавий ахборот воситалари ёпилган. Маълум қилинишича, ишсиз қолган журналистларнинг 72 фоизи аёллардир. Бир қатор журналистлар Толибон томонидан бир неча бор таҳдид учраган ва калтакланган. Охирги бундай ҳодиса февраль ойида Кобулда, Толибон разведка ходимлари Покистон ахборот тармоғи мухбири Абдул Қайюм Зоҳид Самадзайни ҳибсга олиб, калтаклаганида содир бўлган.

XS
SM
MD
LG