Ссылки доступа

Байден Хитой лидери билан Россияни дастаклашдан тийилиш масаласида сўзлашмоқчи


АҚШ президенти Жо Байден 18 март куни Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга қўнғироқ қилиши кутилмоқда. Сўзлашув арафасида Оқ уй президент Байден Хитой раҳбарини Украинага қарши урушда Россия президенти Владимир Путинни дастаклашдан эҳтиёт бўлишга чақиришига ишора қилди.

Қайд этилишича, суҳбатда “икки мамлакат ўртасидаги рақобат, Россиянинг Украинага тажовузи ва ўзаро манфаатларга доир бошқа масалалар” муҳокама қилинади.

“Рейтер” агентлиги мулоқот Америка-Хитой муносабатларининг бурилиш палласига тўғри келаётганини ёзган. Байден маъмурияти, урушда Путинга ёрдам бериш қарори Хитой учун салбий оқибатлар келтириб чиқаражаги ҳақида уни оммавий ва хусусий тартибда огоҳлантирган.

“Бунинг учун товон тўлатиш масаласида биз асло иккиланмаймиз”, деган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.

Қўшма Штатлар Хитой Украинага қарши урушда Россияга ҳарбий ёрдам бериши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Хитой эса бу эҳтимолни рад этиб келади.

Оқ уй матбуот котиби Жен Псакига кўра, бугунги қўнғироқ Байденга Си Цзиньпин позициясини англаш имкониятини беради.

XS
SM
MD
LG