Ссылки доступа

Қозоғистонда январь воқеаларидан кейин ҳибсга олинган фаол уй қамоғига олинди


Оқтўбе ихтисослаштирилган тергов суди «оммавий тартибсизликлар уюштирганликда» гумон қилинаётган фаол Қуат Шамуратовни тергов изоляторидан уй қамоғига ўтказди. Суд қарори 19 март куни қабул қилинган.

Оқтўбе вилоят судига кўра, эҳтиёт чораси ўзгартирилган Қуат Шамуратов яқин икки ой давомида уй қамоғида бўлади.

Айрим хабарларга кўра, Қуат Шамуратовнинг айблов моддаси «оммавий тартибсизликлар уюштириш»дан «оммавий тартибсизликларда иштирок этиш»га ўзгартирилган. Қайд этилишича, тергов «ташкилот»ни исботлай олмаган. Олмаота полицияси бу маълумотни на тасдиқлай олди ва на инкор қила олди. Адвокат Нуртас Аманбаев ҳам «адвокат сири» сабаб изоҳ беришдан бош тортди. Фаолнинг онаси Маржан Серикбаева моддадаги ўзгаришлардан хабари йўқ, бироқ ўғли уйига қайтаётганини тасдиқлайди.

Аввалроқ Қуат Шамуратовнинг яқинлари унга қўйилган айбловлардан норози эканлигини билдириб, вилоят прокуратурасига бир неча бор мурожаат қилган эди.

Тадбиркор Қуат Шамуратов илк бор 2020 йил февраль ойида тинч акцияда иштирок этганида полиция эътиборига тушган эди. Шундан сўнг унинг қариндошлари ҳар қандай митингдан олдин унинг уйида полиция қўриқлашаётганини маълум қилди. Қариндошлари унга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини фуқаролик позицияси билан боғлайди.

44 ёшли Қуат Шамуратовнинг тўрт нафар фарзанди бор. Яқинларининг айтишича, у 10 йилдан ортиқ вақт давомида ички ишлар органларида қўриқчи бўлиб ишлаган, ўз хоҳиши билан ишдан бўшаб, тадбиркорлик билан шуғулланган.

Оқтўбедаги январь воқеаларидан кейин 12 киши ҳибсга олинган. Оқтўбенинг яна ўнлаб аҳолиси уй қамоғида. Вилоятда январь воқеалари муносабати билан жами 14 та жиноят иши очилган. Оқтўбе вилояти полицияси маълумотларига кўра, икки ҳолат «Террорчилик акти» моддаси бўйича тергов қилинмоқда.

XS
SM
MD
LG