Ссылки доступа

Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон президенти лавозимига киришди


Туркманистоннинг узоқ йиллик автократик раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сердар Бердимуҳамедов 19 март куни президентлик лавозимга киришди.

Инаугурация маросими Ашхободдаги «Рухыет» саройида бўлиб ўтди.

«Бу кун мустақил бетараф Ватан тарихида демократик ўзгаришларнинг қайтарилмаслигини кўрсатувчи алоҳида босқич бўлади», — дейилади ТДҲ давлат ахборот агентлиги маросим ҳақидаги хабарида.

Ҳуқуқ фаоллари Туркманистонни авторитар давлат сифатида таснифлайди. Мамлакат Freedom House рейтингида демократик тараққиёт бўйича энг паст баллга эга.

Сердар Бердимуҳамедов, кутилганидек, 12 март куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида ғалаба қозонди. Февраль ойида унинг 2006 йил охирида ҳокимият тепасига келган 64 ёшли отаси «ёш етакчилар»га йўл очишга тайёрлигини маълум қилган эди. Шундан сўнг мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловлари ўтказилиши белгиланди.

Сентябрь ойида Сердар Бердимуҳамедов 40 ёшга тўлди. Бу президентликка номзод сифатида кўрсатиш учун энг кичик ёш ҳисобланади. Сайлов бюллетенларида Бердимуҳамедов номидан ташқари, отасига содиқлиги билан танилган яна саккиз нафар номзоднинг номи ҳам бор эди. Расмий маълумотларга кўра, Сердар Бердимуҳамедов деярли 73 фоиз овоз олган.

Туркманистон мустақилликка эришган 1991 йилдан буён бирорта ҳам сайлов Ғарб кузатувчилари томонидан эркин ва адолатли деб тан олинмаган.

Озодлик радиосининг Туркман хизмати овоз бериш ва сайловолди ташвиқотида кенг тарқалган қонунбузарликлар, жумладан, бюллетенларни сохталаштириш, бир қўлга бир нечта бюллетенлар бериш ва сайловчиларни Сердар Бердимуҳамедовга овоз беришга мажбурлаш учун босим ўтказганини хабар қилди.

XS
SM
MD
LG