Ссылки доступа

Путинга оидлиги айтилаётган суперяхта экипажи ФҚХ ходимларидан тузилгани маълум бўлди


Қиймати 700 миллион долларга баҳоланаётган “Шаҳризода” суперяхтасининг экипажи Россия Федерал қўриқлаш хизмати (ФҚХ) ходимларидан тузилганлиги маълум бўлди.

Бу яхта соҳиби Россия президенти Владимир Путин эканига далил бўлиши мумкин, дейилган мухолифатчи Алексей Навальний жамоаси суриштирувида.

140 метрли суперяхта 2020 йили Германия верфида сувга туширилган. Унинг соҳиби исми ҳозирча маълум эмас. Март ойи ўрталарида The New York Times ўз манбаларига таяниб, АҚШ мулозимлари суперяхтани Россия президенти билан боғлиқ деб ҳисоблаши ҳақида ёзган.

Газетага кўра, яхта 2020 ва 2021 йилларда икки марта Сочига борган. Сочида Путиннинг қароргоҳи жойлашган бўлиб, Россия президенти у ерда кўп вақтини ўтказади. Яхтанинг Владимир Путинга алоқадорлиги тўғрисида экипажнинг собиқ аъзоларидан бири сўзлаб берган.

Навальний жамоаси эса яхта экипажи аъзолари рўйхати билан танишишга муваффақ бўлган. Аниқланишича, капитан ёрдамчиси, боцман, боцман ёрдамчиси, бир неча қўриқчи ва бошқа аъзолар ФҚХнинг амалдаги ходимлари экан. “Экипаж 23 нафар аъзосининг ярмидан кўпи ФҚХга алоқадор бўлиб чиқди”, дейилган суриштирувда.

Аввалроқ кема капитани Гай Беннет-Пирс “Шаҳризода”нинг эгаси Путин эмаслигини айтган.

Яхтанинг Путинга алоқадорлиги исботланса, у ҳибсга олинади – Евроиттифоқ Россия президентига қарши якка тартибдаги санкциялар жорий этган. “Шаҳризода” ҳозирда Тосканадаги (Италия) бандаргоҳлардан бирига қантарилган.

XS
SM
MD
LG