Ссылки доступа

Кремль яна бир бор Ўзбекистоннинг «Украина атрофидаги вазиятни тушуниши»ни таъкидлади


Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 21 март куни Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Россия президенти Мирзиёев ва Ўзбекистон халқини Наврўз байрами билан табриклади. Давлат раҳбарлари, шунингдек, икки давлат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан бир-бирини табриклади.

«Сўнгги йилларда Ўзбекистон-Россия ҳамкорлиги стратегик шериклик ва иттифоқчиликнинг мисли кўрилмаган юксак даражасига кўтарилгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати, шунингдек, президентлар «минтақавий ва халқаро кун тартиби, жумладан, Украина атрофидаги мавжуд вазият юзасидан» фикр алмашгани ҳақида хабар берди.

Кремль матбуот хизмати, ўз навбатида, суҳбат «Ўзбекистон томонининг ташаббуси билан» бўлиб ўтганини маълум қилди. «Владимир Путин Донбасс республикаларини ҳимоя қилиш бўйича махсус ҳарбий операциянинг бориши ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон Президенти Россия томонининг позицияси ва ҳаракатлари ҳақида тушуниш билан гапирди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 25 февраль куни президентлар Украина атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилишган. Икки давлат раҳбарларининг матбуот хизматларининг хабарлари эса бир-биридан фарқ қилди. Кремлнинг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев «Россия томони амалга ошираётган ҳаракатларни тушунишини билдирди». Ўзбекистон томони хабарида бу ҳақда ҳеч нарса айтилмаган.

Кейинроқ Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов Россия томонидан Украинада олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар масаласида «Ўзбекистон мувозанатли, нейтрал позицияда» эканини айтди.

17 март куни Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Сенатда сўзлаган нутқида Ўзбекистон Украинадаги жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиб, можарони сиёсий-дипломатик йўллар билан ҳал этиш зарур, деб билишини айтди. «Ўзбекистон Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олади. Биз Луганск ва Донеск халқ республикаларини тан олмаймиз», деб таъкидлади ТИВ раҳбари.

ТИВ раҳбари Украинадаги можародан сўнг Ғарб томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар Ўзбекистонга бевосита таъсир қилишини қайд этди. Комилов Тошкент учун ушбу санкцияларнинг салбий таъсирининг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади.

18 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Европа Иттифоқи мамлакатлари, Буюк Британия, Япония ва АҚШ дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Украинадаги вазият муҳокама қилинди. Ўзбекистон «хотиржам ва бетараф ёндашиш ва вазиятни сиёсий-дипломатик йўл билан ҳал қилишга чақирувчи» ўзининг «ўзгармас» позициясини яна бир бор таъкидлади.

Россиянинг Украина ҳудудига қуролли бостириб кириши Владимир Путиннинг буйруғи билан 24 февралда бошланган. У Кремлнинг хатти-ҳаракатларини НАТО гўёки Украинани Россияга қарши куч постига айлантирмоқчи эканлиги билан оқлади. Украина ва НАТО буни рад этади. Шимолий Атлантика ҳарбий иттифоқига қўшилишдан бош тортиш, Қримни Россия, «ДХР» ва «ЛХР»ни мустақил деб тан олишдан ташқари, Путин Украинадан “денацификация” ва «демилитаризация»ни талаб қилмоқда.

XS
SM
MD
LG