Ссылки доступа

Навальний фирибгарлик ва судьяни ҳақоратлашга доир иш бўйича айбдор деб топилди


Москванинг Лефортово тумани суди сиёсатчи Алексей Навальнийни фирибгарлик ва судьяни ҳақорат қилишга доир иш бўйича айбдор деб топди.

Суднинг сайёр мажлиси Навальний “Ив Роше иши” бўйича жазо муддатини ўтаётган Покров шаҳридаги ахлоқ тузатиш колониясида ўтказилди. Судья Маргарита Котова фирибгарлик қилганини айтиб, ҳукм айблов тусида бўлишини айтди.

Аввалроқ давлат айбловчиси суддан Алексей Навальнийга нисбатан қаттиқ тартибли колонияда ўташ шарти билан 13 йиллик қамоқ ва 1,2 миллион рубль жарима тайинлашни сўраган эди. Ҳимоя эса Навальнийни оқлашни талаб қилган.

Сиёсатчи Жиноят кодекси 297-моддасининг икки эпизоди (1-қисми, “Суд муҳокамаси иштирокчиларини ҳақоратлаш” ва 2-қисми, “Судьяни ҳақоратлаш”) ҳамда 159-моддасининг 4-қисми (“Жуда кўп миқдордаги фирибгарлик”) бўйича айбланган.

Айбловда мухолифатчининг бир йил аввал “ветеран Игнат Артёменкога туҳмат қилиш”га доир иш кўрилаётган пайтда суд мажлиси иштирокчиларига гўё ҳурматсизлик қилгани назарда тутилмоқда.

Тахминан бир пайтда Навальний Коррупцияга қарши кураш фондига (ФБК) тушган маблағларни ўзлаштиришда айбланган. Айблов хулосасида Навальний ва сафдошлари “алдов ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан” сайлов кампанияси учун пул йиғиб, уни “шахсий мақсадларда ва ўз фаолияти учун” сарфлаб юборишгани ҳақида гап боради.

Навальний тузилмаларига пул хайрия қилган 300 минг кишидан атиги тўрт нафари жабрланувчи деб топилган. Ўз навбатида ҳимоя тарафидан қарийб 30 нафар гувоҳ – ФБКнинг хайриячилари иштирок этди. Уларнинг барчаси Навальний ва унинг жамоасига ўз ихтиёри билан пул хайрия қилганини таъкидлади.

Навальний иши бўйича суд мажлиси ўтказилган кунлар судья Маргарита Котова президент администрацияси ходими Евгений Владимиров билан телефонда гаплашиб тургани айтилмоқда. Сиёсатчининг сафдоши Иван Жданов судьянинг телефон сўзлашувларига доир маълумотларни қўлга киритганини билдирди.

Алексей Навальний суд музокарасида чиқиш қиларкан, қўнғироқлар санаси ва аниқ вақтини очиқлаб, суд жараёни президент администрацияси томонидан бошқарилаётганини айтди.

18 март куни Путин судья Маргарита Котованинг лавозимини оширди. У Москва шаҳри суди судьяси этиб тайинланди.

Навальний сўнгги сўзида ўзига қарши очилган иш бичиб-тўқилганини, гувоҳлар ҳаммаси сохталигини айтди. Мухолифатчи, шунингдек, Украинадаги урушга қарши чиқиб, унда Россия ҳукуматини айблади. Навальнийга кўра, у “ҳокимият билан курашишда давом этади”, “на ФСБ, на кимёвий қурол ва на Путин уни қўрқита олмайди”.

XS
SM
MD
LG