Ссылки доступа

Қирғизистон чегарачиси Тожикистон ҳарбийлари томонидан калтаклангани ҳақида хабар берилди


22 март куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари Қирғизистон Республикаси чегарачисини калтаклагани ҳақида хабар берди.

Қайд этилишича, воқеа 19 март куни Боткен вилоятининг Лейлек тумани Сада фуқаролар йиғинида содир бўлган. Агентлик маълумотларига кўра, Қирғизистон Республикаси ҳарбий хизматчиси чегара чизиғи яқинида номаълум автомашинани тўхтатган ва уни ушлаб қолишга уриниб, Тожикистон чегарачилари хизмат қилаётган ҳудудга борган.

«Тожикистон чегарачилари қирғиз чегарачисини қўлга олди. Дарҳол Лейлек участкасида Қирғизистон ва Ганчи участкасида Тожикистон чегара вакиллари ўртасида музокаралар бўлиб ўтди, натижада ҳарбий хизматчи қирғиз томонига топширилди. Текширув натижасида унинг боши ёрилгани ва формаси қонга беланганлиги маълум бўлди», — дейилади чегара хизмати хабарида.

Ҳарбий хизматчининг ўзига кўра, у билан тожик чегарачилари ўртасида муштлашув келиб чиққан. Ҳозир у касалхонада.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати ушбу факт бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини қўшимча қилди.

Қирғизистон — Тожикистон чегарасининг узунлиги 970 километр бўлиб, шундан 519 километри аниқланган. Сўнгги маълумотларга кўра, яна 81 километрни келишиб олиш бўйича келишувга эришилган. Баҳсли ҳудудларда кўпинча қўшни давлатлар аҳолиси ва чегарачилар ўртасида тўқнашувлар содир бўлади.

Энг йирик можаро ўтган йилнинг апрель ойи охирида содир бўлган, натижада қирғиз томондан 154 киши жароҳатланган, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлган. Тожикистон ҳукумати 19 киши ҳалок бўлгани ва 87 киши яраланганини расман эълон қилган. Икки томондан уйлар, мактаблар, бошқа бино ва иншоотлар вайрон бўлган ва ёндирилган.

XS
SM
MD
LG