Ссылки доступа

БМТ раҳбари Украинадаги «бемаъни уруш»ни тўхтатишга чақирди


Антониу Гутерриш

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Россия Украинада бошлаган «бемаъни уруш»ни тўхтатишга чақириб, бу можарода ғолиб бўла олмаслигини, одамлар «жонли дўзах»дан ўтишга мажбур эканини таъкидлади.

«Урушнинг давом этиши маънавий жиҳатдан номақбул, сиёсий жиҳатдан асоссиз ва ҳарбий нуқтаи назардан маъносиздир», деди Гутерриш 22 март куни Нью-Йоркда журналистларга.

Ғарбда ҳеч қандай сабабсиз деб аталадиган Россия ҳарбий босқинининг бошланишидан деярли 4 ҳафта ўтгач, Украина президенти Владимир Зеленский унинг мамлакати «ҳалокат ёқасида» эканлигини айтди.

Украинанинг йирик шаҳарлари Россия ҳаво ҳужумларига дучор бўлишда давом этмоқда, россиялик ҳарбий хизматчилар эса Украина ҳудудида қаттиқ қаршиликка дуч келмоқда. Мутахассисларнинг фикрича, Россия аннексия қилинган Қрим ва Украина шарқидаги айирмачилар назоратидаги ҳудудлар ўртасида боғловчи восита сифатида фойдаланмоқчи бўлган Мариупол порт шаҳри энг кучли ўққа тутилган.

«Мариупол қулаган тақдирда ҳам Украинани шаҳарма-шаҳар, кўчама-кўча, уйма-уй босиб бўлмайди», — деди Гутерриш. Эртами-кечми, деди у, воқеалар жанг майдонидан музокаралар столига ўтиши керак. Гутерриш ҳар икки томонни жанговар ҳаракатларни тўхтатишга ва зудлик билан «жиддий музокаралар»га ўтишга чақирди.

Украина президенти Владимир Зеленский яқинда Москвани «ҳалол ва мазмунли» тинчлик музокараларига чақирди. У бундай мулоқотни «Россия учун ўз хатоларидан кўрган зарарни камайтириш учун ягона имконият» деб атади.

XS
SM
MD
LG